🟦🟦Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг энергетика вазирлари ҳамда Жаҳон банки вакиллари Қамбарота ГЭС-1 (Гидроэлектр станцияси) қурилиш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишди, деб хабар бермоқда Trend.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган давра суҳбатида Ўзбекистон энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудов, Қирғизистон энергетика вазири Талайбек Ибраев, Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Суғат Есимханов, шунингдек, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова иштирок этди.
Шунингдек, ушбу тадбирда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича стратегия ва операциялар директори Каролина Санчес-Парамо ҳамда инфратузилма масалалари бўйича минтақавий директор Шарл Кормье қатнашди.
“Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасининг қатнашчиларини Тошкентда қабул қилаётганимиздан мамнунмиз. Ушбу лойиҳа бутун Марказий Осиё мамлакатлари учун катта фойда келтиради, жумладан, минтақавий энергия хавфсизлигини мустаҳкамлайди, яшил иқтисодиётга ўтишни тезлаштиради ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлайди,” — деди Журабек Мирзамаҳмудов.
Қирғизистон энергетика вазири Талайбек Ибраевнинг сўзларига кўра, Қамбарота ГЭС-1 лойиҳаси халқаро молия институтлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.
“Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1 қурилишини “аср лойиҳаси”, деб атаймиз, чунки у минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва бутун Марказий Осиё минтақасининг узоқ муддатли ривожланишига хизмат қилиш салоҳиятига эга. Тошкентда ўтказилган бугунги давра суҳбати Венада, Брюсселда ва Вашингтонда 2024-йилда ўтказилган учрашувларнинг давомидир. Ушбу тадбирлар лойиҳа амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва тезлаштириш, шунингдек, зарур халқаро кўмакни жалб қилишга ёрдам бермоқда,” — деди Талайбек Ибраев.
Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Суғат Йесимхановнинг таъкидлашича, бу учрашув сув-энергетика соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг яна бир исботидир.
“Ушбу ҳамкорлик нафақат Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишни таъминлайди, балки узоқ муддатли минтақавий барқарорликни мустаҳкамлайди ва Марказий Осиё мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий ўсишни рағбатлантиради,” — деди у.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскуряованинг сўзларига кўра, Жаҳон банки уч давлат ҳукуматларини минтақанинг барқарор энергия келажагини таъминлаш, иқтисодий ўсишни тезлаштириш ва фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
“Ташкилотимиз ушбу лойиҳа доирасида техник ёрдам кўрсатишда давом этади. Бошқа халқаро ривожланиш ҳамкорлари билан биргаликда лойиҳани ҳаётга татбиқ қилиш учун зарур молиялаштиришни таъминлашга ҳаракат қиламиз,” — деди Проскуряова.
Тадбир давомида томонлар Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда ривожлантириш ва амалга ошириш бўйича асосий тамойилларни келишиб олдилар. Лойиҳа асосий босқичлари белгиланди ва амалга ошириш тузилмаси тасдиқланди. Шунингдек, лойиҳа муваффақиятли бажарилишини таъминлаш учун халқаро донорларни жалб қилган ҳолда вазирлик даражасида мунтазам учрашувлар ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон 2024-йил июн ойида Вена шаҳрида бўлиб ўтган Қирғизистон Республикаси халқаро энергетика инвестиция форуми давомида Қамбарота-1 ГЭСни қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаган эди.