Биздан кетган ҳаммангизга салом бўлсин!
Биздан кетиб ғамларингиз тамом бўлсин!
Бахтингизга тўсиқ бўлиб турган эсак,
Бизсиз тугал бахтларингиз мудом бўлсин!
Қалбингизга озор берган бўлсак агар,
Кўчангиздан билмай юрган бўлсак агар,
Бошимизни кундангизга қўйдик, мана,
Таскин топинг, бу саркашни чопиб магар.
Сиз кўрган ул айбларимиз аслин айтсак,
Бошқасига солиштирсак фазлдек гап.
Ёмон дея билдингизми? Ҳақлисиз, дўст,
Сиз айтгандан ёмонроқмиз минг марталаб!..
Келинг, майли, тепинг, уринг, қаро суртинг
Оппоқ бўлиб турган юзга, тўғри иш шу.
Тошбўронлар қилинг, дорга осинг, майли,
Кўнгил бундан билинг, асло, чекмас қайғу.
Зотан, шундай маломатга лойиқдирмиз,
Нуқул йиғлаб, бир марта ҳам кулмасайдик!
Сизлар каби бўлолмадик яхши, ахир,
Туғилмасак, орангизда бўлмасайдик!
Аммо ночор… Бу оламга келиб қўйдик,
Нафас олиб юрибмиз-да ожизона…
Нечадир дам ўтсин, дўстлар, бироз кутинг,
Вақтимизни харжлаб бўлгач ғарибона;
Ер юзини қолдирамиз сизга кейин,
Бизсиз дунё бироз кенгроқ бўлиб қолгач,
Етмаётган кам-кўстлар ҳам бут бўлади,
Биздек фақир бу оламдан қўлин тортгач.
Биз-ла қолган ғарибларга салом бўлсин!
Марди майдон ўзингизсиз, ҳиммат Сизда!
Ўзимизга асло чидай олмаяпмиз,
Қандай чидаб юрибсиз-а! Раҳмат Сизга!