ҳижрат
(термаларга татаббу)
аттанглар ухлаб ётар,
харсанглар ухлаб ётар,
сатанглар ухлаб ётар,
ватан кетиб боради.
ҳижрат замони етар,
имконлар қўлдан кетар,
хоин муродга етар,
ватан кетиб боради.
заҳарланади муҳит,
қарғар боболар руҳи,
жадидларнинг андуҳи –
ватан кетиб боради.
ернинг дини ўзгарар,
қилич қини ўзгарар,
оға, ини ўзгарар,
ватан кетиб боради.
ҳар қадаминг пойлоқчи,
сарҳадда ётлар соқчи,
қол дегувчи зот тақчил,
ватан кетиб боради.
тилни эгаси зўрлар,
томоша қилар кўрлар,
фиғон фалакка ўрлар,
ватан кетиб боради.
борар манзилин айтмас,
на хорижмас, на сайтмас,
кетар, ортига қайтмас,
ватан кетиб боради.
қайтаргувчи бир зот йўқ,
ҳайдагич кўп, имдод йўқ,
атар, минар бир от йўқ
ватан кетиб боради.
булутларга тўқнашар,
ой-у юлдуздан ошар,
билмам, қайларга шошар,
ватан кетиб боради.
эр қолмас, қуллар қолар,
мардикор, туллар қолар,
эгасиз гуллар қолар,
ватан кетиб боради.
хоинлар ҳайдаб солар,
қилич забтига олар,
мунғайиб бир эл қолар,
ватан кетиб боради.
©️ Фахриёр
2020 йил 24 июнь