✒
САНГАРДАК
(Умрим бўйи бормаган воҳам, Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида жойлашган Сангардак қишлоғи ва Сангардак шаршарасини кеча тушимда кўрдим).
Сен томон талпиндим неча - Сангардак,
Тушларимга кирдинг кеча - Сангардак,
Сувларингдан қониб-қониб ичибман,
Роҳатбахшсан жонга бунча Сангардак?!
Тупроқдан ниш уриб чиққанда майса,
Адирлар нечоғлик кўринар кўркам.
Баланд чўққиларда бодом гулласа,
Қизғалдоқ очилса яшнайди ўлкам.
Тошларга урилиб оқса шалола,
Ям-яшил либосга дўнса дўлана.
Челак олволишиб уч-тўртта бола,
Сойлар этагида терар пидана.
Ухлаб ётибману кўрётирман туш,
Кўксимга тўлибди тоза, соф нафас.
Атрофга маҳлиё, турибман сархуш,
Мени асир қилди тоғ сеҳри бир пас.
Какликлар сайраган, бургутлар учган,
Уюрлар оралаб чопар тойчоқлар.
Сайроқи қушчалар гулларни қучган,
Тароватли, шундай файзли қишлоқлар.
Узоқларда увлар торғил бўрилар,
Алплар кўкрагига муштлаб керилар,
Неча бўз йигитлар, дўсту жўралар,
Сангардак остида яйраб чўмилар.
Уйғониб ҳам бир зум хаёлга толдим,
Хўрсиниб эсладим ота-онамни.
(Ҳаёт чоғларини ёдлаб жим қолдим,
Улар яхши кўрар эди кўкламни)...
Бормаган бўлсам ҳам ҳатто бир бора,
Юракдан ҳис қилиб турибман бу чоғ.
Кўнглимга яқин ҳов илон йўл дара,
Минг йиллик қадрдон менга Бобо тоғ.
Қанча кўп қор ёғса тоғлар бошига,
Тошқин селдек тошиб оқар Сангардак.
Сув бўйида ўсма қўяр қошига,
Сурхонлик қизларга ёқар Сангардак.
Боболар қошингда хаёл суради,
Момолар сувингга юзин чаяди.
Одамлар бағрингда меҳр туяди,
Шоирлар мадҳингни юртга ёйади.
Маълум машҳур туман Сариосиё
Унда бир қишлоқнинг номи Сангардак.
Оламда борлигин билмакда дунё,
Зилол булоқларнинг кони Сангардак...
Сангардак йўл тушиш мушкул сен томон,
Бир кун боражакман соғ юрсам омон.
Тошлардан тошларга урилиб, сачраб,
Шарқираб оқавер тўхтамай бир он.
Беги ДЎСТ.