САҲРО
Роман
Мустафо ЮСУФ
ЎТТИЗИНЧИ БОБ
ИСТИМДОД
“Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад беради”.
Оли Имрон сурасининг 125-оят маъно таржимаси.
Масжид миноралари фалак узра ҳайбат ва сокинлик билан қўрк тўкади. Яшил, мовий ва сандалранг гумбазлар осмон қуббалари билан рақобат қилмоқни истайди.
Қуёш тонгдан шаҳар узра олтинлар сочади. Кўк бу балдаи муборак қошида хокисорлик билан қўл қовуштиради.
Хонақоҳлар, карвонсаройлар, маҳобатли қасрлар, равон йўллар, ранг-баранг гулзорлар, сермева боғлар, барокатли бозорлар жаҳон аҳлини бу муаззам шаҳарга чорлайди. Румнинг энг ғарбий чегараларидан келган юнонлар, Мағриб одамлари, Африқо ҳабашлари, Чин юртининг қийиқкўзлари, Мовароуннаҳрнинг шиддатли турклари, қадим Форснинг нозиктаб ва истеъдодли фарзандлари, Ҳинднинг заковатли фуқаролари, Батҳонинг аслзодлари, Яманнинг муттақийлари, Хуросоннинг фозиллари, Мисрнинг қурролари, Ўрдуннинг донишмандлари, Ҳазариянинг жасур кўчманчилари – етти иқлимдан келган одамлар бу мадинаи хилофотда оловдай ловуллайди, вулқондай қайнайди.
Бу шаҳри азимдан ўғри ва киссавурлар, жаллод ва қонхўрлар, ёлғончи ва фирибгарлар, фоҳиша ва бузуқлари, ҳароми ва насабсизлар, туҳматчи ва бўҳтончилар, пасткаш ва сафиҳлар, золим ва тубанлар ҳали урчиб кетган эмас, чунки олиму уламолар, фозилу фузалолар, шоиру шуаролар, ҳакиму ҳукамолар, валий ва авлиёлар, мужоҳид ва ғозийлар, ботир ва жасурлар, қўрқмас ва мардонлар, футувват ва мурувват соҳиблари, жиҳод ва ғазо ғолиблари, сўфийлар ва зоҳидлар, ориф ва оқиллар, уста ва ҳунармандлар сўзлари бу пойтахти азим бўйлаб янграйди.
Хитойдан Жабали Ториқ бўғози қадар, Ҳазардан Ҳиндгача чўзилган улкан ҳудудда қад кўтарган Аббосийлар давлатининг шони, шарафи, мазлумларнинг паноҳгоҳи, золимларнинг балоси, илму маърифатнинг маркази, улуғларнинг қадамжойи бўлган Бағдоднинг довруғи бугун Ер юзига сиғмай етти фалак устига кўтарилгандир.
Уч улкан ва қалин деворлар билан иҳоталанган шаҳар аҳли хавотир ва қўрқинч нелигини билмайди, кундузлари ёруғ, тунлари ойдин, қишлари осуда, ёзлари баракали, кўкламлари умидли, кузлари тўкин ҳаёт кечирадилар.
Жаҳон маркази бўлган Бағдодда беш маҳал муаззинлар овози тинмайди, уларнинг азонлари Арш гумбазларидаги фаришталарга қадар етади, масжидларда туну кун Қуръонлар янграйди, ҳужраларида обидлар таҳажжуд билан тонг оттирадилар, мадрасаларида оятлар, ҳадислар сирлари очилади, коинот ва Ер юзи бўйлаб сочилган тилсим ва жумбоқлар ечилади, илм толиблари қадим саҳифалар устида кўз нурларини фидо этадилар, кундузлари қуёш бармоқлари остида соч тараган шаҳарнинг бошидан тунлари ойнинг кумушлари сепилади, кўчаларда машъалалар тун зулматини тилади, зоҳидлар хонақоҳларидаги шамлар ўчиш нималигини билмайди, зикру тасбиҳлар, тиловат ва қироатлар, дуо ва тазаррулар фаришталарни бу шаҳарга соқчи ўлароқ чорлайди.
Денгиз кўзини очиб ўзини бир ҳужрада кўрди. Ақлини йиғишга интилди. Лекин қалби ажиб ҳаловат ичида эди. Ҳужранинг деворлари сувоғи орасидан сомонлар кўринади, томни кўтариб туриш учун ётқизилган ходалар шундоққина шифт ичида кўзга ташланмоқда, деворнинг бир томони ўйилган, у ўйиқ токча вазифасини ўтайди, токчада тери билан муқоваланган китоблар, хонанинг бир томонида, деворнинг сал юқори қисмида меҳроб шаклидаги дераза, дераза гириҳли нақш билан мушаккал ром билан қопланган, ундан ичкарига тушган ёруғлик хонанинг ҳар бурчига етиб боради, ер – тупроқ, устига қамишдан бўйра, бўйра устига туя ва қўй жунидан тўқилган кигиз тўшалган, қигизлар қизил ва сандал ранглари билан бўялган, Денгиз девор тагида ана шу кигиз устида ётибди, жун билан тўлдирилган узунчоқ болиш қўйиб бошини сал кўтариб қўйишибди, хонада сокинлик ҳукмрон, сокинлик Денгизнинг вужудига сингди.