#МИТТИ ҲИКОЯЛАР
✨ Ҳошиядан ташқарида
Йигит ўғрилик билан қамалди. Буни эшитган биринчи ўқитувчиси маҳбусни кўргани келди.
— Нега ундай қилдинг?..
— Билмадим... — кўзини ерга тикди йигит. — Мактаб даври эсингиздами? Дафтар ҳошиясидан ёзувим четга чиқиб кетса, «бўлиб туради», дердингиз. Ўшанда қўлимга бир урмаган экансиз. Шунда қонун доирасидан чиқмаган ва бу ерда ўтирмаган бўлармидим?..
✨ Меҳрибонлик уйида
— Ойим бугун келадими? — доимий саволини берди бола тарбиячи опасига.
— Бугун ойингнинг тоби бўлмай қолибди. Тузалса, албатта келади, асалим.
— Менинг дадам-чи? Қачон келаркан? — суҳбатга қўшилди бир қизча.
— Даданг ишхонасидан рухсат ололмаяпти. Ишларини якунласа, келади, асал қизим.
Тарбиячи эртага болаларнинг саволига нима деб жавоб беришни ўйларди...
✨ Кечикиш
— Ҳеч гул бермайсиз, — маъюс кулди аёли.
— Тўйимизда берганман-ку! — ҳазилга олди эркак.
— Шунгаям ўн йил бўлибди-я...
— Ҳали сенга кўп гул бераман. Ҳаётимиз олдинда...
Аммо ҳар куни гулбозордан ўтаркан, эркак ўйларди: «Бирор кун албатта гул оламан!»
...Ваъдасини бажариб ниҳоят гулдаста олди. Уни аёлининг қабрига қўйди.
✨ Ижодкор
— Мен катта ёзувчи бўлмоқчиман! — деди у хотинига, фарзандларига. —Ижод қилаётганимда ҳалал берманглар!
У туну-кун ижод қилди. Унга кўзларини мўлтиратиб тиккан қизини ҳам, юрак ютиб бўйнига осилолмаган ўғлини ҳам кўрмади. Жуфтига бағишлолмаган изҳорларини китобига битди. Фарзандларига айта олмаган ширин сўзларини китобига ёзди. Оиласига кўрсатолмаган ғамхўрликни китобда исботлади!
У танилди. Унинг шоҳ асарлари минглаб нусхаларда чоп этилди. У шон-шуҳратга бурканди.
— Энди етар, — деди бир кун қўлидаги қаламни қўйиб. — Кексайибман...
Шундай дея атрофига қаради: ҳеч ким йўқ эди. У бир уюм китоблари ичра ёлғиз қолганди.
✨ Омилик
У китобни турфа кўйга солди.
Тандирни ёқиш учун тутантириқ қилди. Писта сотаётганда варақларини йиртди. Асабига тегаётган пашшаларга қарата қурол қилди. Ўғилларига «самолёт» ясаб берди. Эшик очиқ турсин учун тиркагич қилди. Дераза ойналарини артди. Ҳатто хожатхонада ҳам фойдаланди...
Аммо бирор марта ўқиб кўрмади.
Йиллар ўтиб, нурсиз қалбига недир етишмай қолди... Китобни қўлига олди. Ўқий деганда эса кўзлари аллақачон нурдан қолган, қўллари эса тинимсиз қалтирарди...
✨ «Обрў»
— Обрўимга путур етказадиган бирор иш қилмаларинг! —– ота ўғилларига дўқ урганча, кеча мастликда ариққа йиқилиб лой теккан шимини қоқа-қоқа нари кетди.