#МедиаТаҳлил
❗️
Саводсизлик синдроми ва савиясиз вайнчи-пирларБолали аёл, таксист ва ибратли контент олувчи блогерлар билан боғлиқ шов-шувли кейснинг Нурбек исмли бош "қаҳрамони" инстаграмда 1,2 млн. обуначига эга экан.
Бу, масалан бутун бошли Черногрия аҳолисидан бир баробар кўп одам унга мухлис, дегани.
Оддий диний контекст билан юқори савияли/саводли деб бўлмайдиган вайн оладиган ёш йигитнинг бу қадар катта аудитория тўплаши ва у орқали оммани манипуляция қилишга уриниши бир қанча хулосаларга етаклайди:
Биринчидан, ўсмир-ёшларда сифатли диний-маърифий ёки диний-мотивацион контентга эҳтиёж бор, уларга расмий минбарлардан айтилаётган ибратли маърузалардан кўра, замонавий талқинлар қулай. Майдон эса савиясиз вайнчи-пирларга бой берилган.
Иккинчидан, жамият, хавотирлиси ёш авлод саводсизликни ижтимоий нормал ҳодиса сифатида қабул қилиб бўлган, битта жумлани ўнта хато билан ёзадиганлар одамларга "маърифий етакчи" бўлолмаслигини ўқимишли киши/ёш яхши тушунади.
Учинчидан, ҳозирги рақамли муҳитда жамият онгини силкитиб ташлаш чўт бўлмай қолди. Ҳали она сути оғзидан кетмаган бола шунча "каромат" кўрсатяптими, энди
бошқа, маълум мақсад/топшириқ билан келадиган катта "виртуал авторитетлар" қандай спектакллар қўйиб бериши мумкинлигини тасаввур қилинг. Шунинг учун миллий инфомуҳитдаги тенденцияларни таҳлил қилиб, ёшларнинг хоҳиш-иродасини англайдиган ва шунга мувофиқ тегишли бошқарув, йўналтирувчи стратегияларни белгилайдиган ижтимоий институтлар бўлиши, бор бўлса ишлаши керак.
Кейин, барибир кўп нарса жамиятда ахборотни қайта ишлаш, таҳлилий-танқидий таҳлил қилиш кўникмасига боғлиқ. Одамлар, айниқса ёшларга бугунги рақамли муҳитда: ўзини диндор кўрсатаётган фойдаланувчи аслида ғирт безори, аёллар ҳуқуқидан ваъз айтаётган “фаол” — онасини боғлаб боқадиган ноинсоф, ўзини ҳақиқат курашчиси ва суперқаҳрамон сифатида тақдим этаётган “блогер” эса реал ҳаётда эплаб бўлмас муттаҳам чиқиб қолиши мумкинлиги кўпроқ тушунтирилиши керак.
@infotahlil_dn