Эски удум...
Ҳар йили кеч куз қишлоқдаги эски ҳовлиларида барча оила аъзолари йиғилашади. Одатдагидек бу гал ҳам элдан бурун ўзи етиб келди. Кириб борганда уйда ҳеч ким йўқ эди. Бироз иккиланиб туриб қолди. Биринчи марта болалиги ўтган, ҳаётга бўлган илк муҳаббати уйғонган қадрдон жойда ўзини бегонасирагандек туйди.
Атрофга аланг-жаланг назар ташлаб чиқди. Ҳаммаси ўша-ўша: саранжом-саришта. Фақат деворлар сал-пал нурай бошлабди, холос.
Ё кўзига шундай ётсираб кўриняптими, ҳархолда унчалик тушунмади.
-Келдингми? – деди онаси ҳовли этагидаги дарахтдан терилган сап-сариқ беҳиларга лиқ тўла саватни сўрига қўяр экан.
Хаёл билан бўлиб онасини пайқамай ҳам қолибди. У югургилаб бориб, қўлидагиларни олди.
-Оғир бўп кетибди-ку, — деди биихтиёр инқиллаб зил-замбил идишлардаги меваларни ёзилган дастурхонга тўкаркан.
-Кўникиб қолганман, — деди онаси вазмин ўғлини қуча туриб, нафасини ростларкан. У ўзини ноқулай сезди. Айбини яширмоқчи бўлгандек, маҳкам қучоқлаб олди. Онаси “Ҳечқиси йўқ!” дегандек елкасига қоқиб қўйди.
-Бардаммисиз, — деди секин пичирлаб.
Онаси индамади. Бироздан сўнг:
-Невараларим яхшими?.. Келинни олиб келмадингми? – деб сўради ўсмоқчилаб.
-Келишмоқчийди, йўлимиз қовушмади, — деди истар-истамас.
-Балки ҳамёнинг кўтармагандир?.. – дангалини гапириб қўя қолди она.
-Шунақароқ, — деди тан олиб у ҳам тушунарсиз оҳангда минғирлаб.
-Бекор қипсан. Уларниям соғинганман ахир. Ўзим боролмасам, -зорланди онаси.
– Ҳартугул амалласанг бўларди-ку. Улар учун олмурутдан қоқи солиб қўйгандим.
Болалари туршакнинг ана шунақасини ёқтиришарди. Айниқса бувиларининг сутга солиб қайнатиб бергани жони дили эди. Унинг таъмини шаҳарга қайтганларида ҳам кўп эслаб юришарди.
-Ўқишлари қолиб кетмасин тағин. Таътилда олиб келарман, — деди базўр.
Онаси яна жимиб қолди. Индамай беҳиларни саралаб, иккига ажратарди.
У бир пас қари онасининг юмушини кузатиб турди. Кейин кийимларини алмаштириб чиқиб, ёрдамлаша бошлади.
-Қўявер, ўзим уддалайман, — деди кампир истамайгина. Аммо у ўзини ишчан кўрсатиб, янаям чаққон ҳаракат қила кетди. Бу иши онасига ёқмади шекилли:
-Авайламасанг заҳо қиласан, — деди жеркиб.
У гап оҳангидан ҳаммасини тушунди. Бояги гинахонлик ҳалиям тарқамаган эди. Энди кўнглини овлаш йўлини излай бошлади.
-Яна териб ўтайми?.. — сўради бўшаган саватларни қўлига оларкан.
-Шуниси ҳам етар, — деди онаси эринибгина.
– Улар ўқиб нимани қойиллатишарди. Бариси урф-одатларни унутишяпти. Катталардан йироқлашишгани қоляпти.
Очиғи нима деярини билмай боши қотди. Онаси тўғри айтарди. Ўйлаб кўрса ўзи ҳам ўқимишли бўлиб худди шундай қилган. Мингни уқиб тузукроқ ҳол сўрашни билмаса одам, ундан не наф. Бу иддиоларнинг бариси ўзига қаратилган асли.
-Ҳаёт шунақа экан-да. Вақт бир жойда кутиб турмаса. Замон кундан кун ўзгариб бораяётган бўлса…
-…Ақлимни танибманки ҳаммаси ўша-ўша. Дунё ҳам жойида. Аввал қандай бўлса ҳозир ҳам шундай, – гапини чўрт кесди онаси. — Яна сенга айтсам, одамзотнинг ўзи ўзгарган!
У тортишишни хоҳламади. Буларнинг бари бор гап, ўзича ичида ўйлади. Лекин кечаги кун билан бугун бир-бирига ўхшамайди-да барибир… Хаёлидаги фикрлар тўқнашувида, яна бўш келгиси келмасди унинг.
-Сен тоғораларни ол! Анор узамиз, — деди онаси хаёлини бузиб. У беихтиёр бўйсунди. Идишларни кўтариб, онасига эргашди.
Анорзорда ҳосил мўл эди.
-Бу йил ҳаво яхши келди. Ҳамма мевалар бошини еб солди. Ҳар йилгидан тузук-да ҳарҳолда. Бултур бари дарахтларни совуқ урганди. Авж олмасмикин, деб қўрққандим. Худога шукур! Ўзини раҳми келди. Бўлмасам биз ҳам ўтириб қолардик.
Онаси катта-катта пишиб етилган анорларни битта-битта узиб унга узатарди.
У бўлса авайлаб идишларга жойларди. Ёрилганларини алоҳида-алоҳида қилар, сараларини бошқа ёққа терарди.
-Гулини пастга қаратма. Эзилса узоқ турмайди, — танбеҳ берди онаси.
– Нима бало, ҳаммасини унутибсан-да!?
-Анча қўлим чиққанми дейман, — ўзини оқламоқчи бўлди у.......