#ҲАҚИҚИЙ_БАХТ
Форобийнинг фикрига кўра, ҳақиқий бахт инсон эришиши мумкин бўлган энг улкан яхшилик ва камолотдир. Моҳиятан барча яхшиликлар орасида энг улуғи, энг юксаки ва энг яхшиси ҳақиқий бахтдир. Бироқ, у қандай бўлади?
Мумтоз манбаларда “саодат” шаклида келадиган бахт тушунчаси “саъд” сўзидан олинган бўлиб, “омад, барака, ютуқ” сўзларига маънодош сўз ҳисобланади, унинг зиддига “шақоват”, яъни бадбахтлик дейилади. Саодат инсоннинг яхши ва хайрли ҳолатга етишишини англатади. Одатда бахт-саодат тушунчаси дунё ва ундан кейинги ҳаёт билан боғлиқ мавзуларга нисбатан қўлланилади. Масалан, инсоннинг фазилатли касби, баракали уйи, яхши улови ва яхши қўшниларининг бўлишига саодат дейилган.
Қадимдан айрим мутафаккир ва файласуфлар бахт-саодатни инсоннинг ҳаётий мақсади деб таълим берганлар. Юнон файласуфи Афлотунга кўра, бахт-саодат инсоннинг тўғрилиги ва адолатидан, бадбахтлик эса, исроф ва адолатсизликдан пайдо бўлади. Эпикур эса, бахт-саодатни танада оғриқнинг йўқлиги ва қалбда ташвишнинг бўлмаслиги сифатида таърифлайди. Аристотель бахт-саодатни инсоннинг энг юксак мақсади эканлигини, бироқ унинг инсонларга кўра фарқланишини таъкидлаган. Инсон ақлий мавжудот бўлгани боис, унинг ҳатти-ҳаракатлари ақлга мос келишига қараб бахтли бўлади. Аристотелга кўра, бахт инсон руҳининг ақл ва фазилатга уйғун ҳаракатланишидир. Энг олий бахт-саодат, Аристотель наздида, инсоннинг энг юксак ақлий тафаккур ва билимга эга бўлган ҳолидир. Зеро ақл инсоннинг энг улуғ ҳислатидир.
Шарқ фалсафасида бахт-саодат мавзусини биринчилардан бўлиб чуқур ўрганган Форобий, ўзининг “Фазилатли шаҳар аҳлининг мафкураси” асарида, бахт-саодатни “инсон нафсининг модда-материяга муҳтож бўлмайдиган даражада камолотга эришуви” сифатида таърифлаган. Форобийга кўра, инсон ўзидаги билим ва фазилатлар туфайли камолотга эришиши ортидан самовий ақл ҳузурига кўтарилиш билан ҳақиқий бахт-саодатга эришади. Бахт-саодат барча яхшиликларнинг энг фазилатлиси ва энг юксак мақсаддир. Форобийга кўра, бахт-саодат якка шахсларнинг эмас, жамиятнинг ҳам ниҳоий мақсадидир. Шунинг учун ҳам, Форобий, фазилатли давлатнинг аҳолиси ўзаро кўмак, машварат ва ҳамжиҳатлик билан бахт-саодатга эришишини таъкидлайди.
Ибн Сино ҳам, Форобий сингари, ҳақиқий бахт-саодатни инсоннинг кейинги оламда ҳис қилиши мумкин бўлган энг юксак ҳолат, деб баҳолайди. Ибн Сино инсоннинг ақлий тафаккури туфайли эришиши мумкин бўлган бундай бахтни тана лаззатларидан олий ҳис эканлигини тушунтиради. Бироқ, бундай юксак бахт-саодатга эришув учун соғлом тафаккурдан ташқари, ахлоқий фазилатлар ва яхши амалларни бажариш ҳам талаб этилади, дейди олим.
Имом Ғаззолий эса, инсоннинг энг юксак бахт-саодатини ўз яратувчисини таниш эканлигини айтади. Олимга кўра, энг юксак саодат инсоннинг кейинги оламда яратувчи ҳақидаги маърифатга етишишидир.
Шу тариқа, Форобий, инсон эришиши мумкин бўлган ҳақиқий энг олий-бахт саодат, деб унинг энг камолотга эришган ҳолати, самовий ақлий ҳолатга эришуви деб билади. Мана шу ҳолат ҳақиқатда бахт бўлган бахтдир. Инсониятнинг бутун сайъ-ҳаракатлари мана шу бахтга эришишга қаратилган бўлади. Инсон қидирган ва излаган, қўлга киритишни хоҳлаган барча яхшилик ва фазилатлар айнан ушбу бахтни қўлга киритиш учун талаб қилинган бўлади. Инсон бундай энг олий бахт-саодатга етишганда, барча сайъ-ҳаракатларини тўхтатади. Бундай бахтга етишиш, дейди Форобий, бу ҳаётда эмас, балки бу ҳаётдан кейин келадиган кейинги ҳаётда содир бўлади. Ана шу “энг олий бахт-саодат” деб аталади.
hikmat_istaganga
Ҳақиқат