ҚАРЗ
Ибратли ҳикоя
(бўлган воқеа асосида)
Икки йигит масжидга кириб келди. Улардан бири сўради:
- "Домла маҳаллада икки кун олдин жаноза бўлди, шу хонадонга таъзия билдириш учун келяпмиз, вафот этган акани мендан каттагина қарзи бор эди. Шу қарзни ҳозир кирганда айтсак, уйидагиларни ҳижолат қилмаймизми, ноқулай бўлмайдими", - деб сиздан сўрамоқчимиз!
Домла:
- "Мўминлар омонатдор бўлишади, бу қарзи бор кишини яқинлари адо қилишса керак, таъзия билдиргандан кейин оталарига айтиб кўринг, айни мусибат вақтида яна ҳам кўнгиллари юмшаб турган бўлади, пулингизни имкониятлари бўлса беришади… Яна бир маслаҳат, шу қарзни Аллоҳнинг розилиги учун кечиб юборинг! Аллоҳ таоло Ўзи сизга бу пулдан ўн балки етти юз баробар кўп қилиб қайтарар ёки сиз қанча йиллардан бери орзу-умид қилаётган нарсангизни берар" - деди.
Йигитлардан бири:
- "Бу пулдан кечиб юбориш қийин, бу пулга битта машина беради!…"- деб чиқиб кетишди.
Орадан бир соатлар ўтди. Ҳалиги йигитлар ҳаяжонланиб қайтиб келишди ва
-"Сизга ҳадямиз бор",- дея бўлган воқеани айтди:
Таъзия билдиришга кирдик, Қуръон тиловати қилиб марҳумга бағишладик, секин марҳумни отасига яқинлашиб ўғлининг қарзи борлигини айтдим, у киши ҳозир деб уйга кириб чиқди ва менга 1500$ доллор бериб ўғлим сиздан қарзи борлигини айтганди, ҳозир шуни олиб туринг, қолганини кейинроқ қилиб берамиз деди. Шу пайт домла сиз айтган маслаҳат эсимга тушиб, қарзимни кечдим, бу пулларни ҳам олмаслигимни айтдим. Таъзияхонадан чиққанимизда телефонимга акам бир неча бор телефон қилган экан! Акамга телефон қилсам сен қаерда юрибсан, аёлингни мазаси қочиб қолди, дўхтирга олиб кетяпмиз, тез етиб кел деди. Шошиб йўлга чиқдик, Юнусободга етиб борганда акам менга яна телефон қилиб, ҳаммаси яхши суюнчи бер, аёлинг ҳомиладор экан деди… Мен светофордан орқага, масжидга қайтиб, сизнинг олдингизга тўғри маслаҳат берганингиз учун миннатдорчилик билдиргани келдим. Кўп йиллар шифокорга қатнадик, табибларга бордик, чет элда даволандик, анча мунча пул сарфладик. Лекин бефарзанд эдик! Энди Аллоҳ таоло бизга шундай неъматини бераяпти, бу неъматни пулга сотиб олиб бўлмайди, тиллоларга алмаштириб бўлмайди…".
Бу йигит шундай деганича миннатдорчилик билдириб чиқиб кетди.
Бу воқеа кечиримли бўлиш, яхшиликка буюриш, жоҳиллардан юз ўгириш, ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг хоҳиши, амри борлиги, албатта Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодирлигининг фоний дунёдаги биргина исботидир!
Қибрай тумани «Ҳожи Туроб ўғли ҳожи Абдуллоҳ»
масжиди имом хатиби Ахмаджонов Баходир