Набий алайҳиссалом рўзани қандай тутганлар?Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳар жабҳада ўрнак бўлганлар. Бу ҳақда кўп айтилган. Шундай бўлса-да, қуйидаги мақолада у зотнинг муборак Рамазон ойида ибодатларини қай тарзда адо этганлари, қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратганлари тўғрисида сўз юритишни мақсадга мувофиқ деб топдик.
Хусусан, саҳобалар ҳамда бошқа ровийларнинг айтган ва ёзиб қолдирган маълумотларига кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалом рўзадорларни албатта ифторлик ва саҳарлик қилишга даъват этганлар, ўзлари вақти кириши билан ифторликни тез, яъни шом намозини ўқимасдан олдин, саҳарликни эса кечиктириб, яъни бомдод намозига яқинроқ вақтгача қилганлар, ифторликда оғизни ҳўл ёки қуруқ хурмо билан, ёхуд сув билан очганлар. Бу ҳолатларга далолат бўладиган ҳадиси шарифлар жуда кўп. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ намоз ўқишдан олдин бир нечта ҳўл хурмо билан оғиз очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан очар эдилар. Агар хурмо ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув ичар эдилар» (Термизий ривояти).
Абу Атийя ҳикоя қилади: «Масруқ билан Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдик. Масруқ Оиша онамизга: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки саҳобаси бор. Иккаласи ҳам яхшиликдан оғишмайди. Уларнинг бири шом намози ва ифторликни тезроқ вақтида қилади. Бошқаси эса кечиктириб қилади», деди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Шом намози ва ифторликни ким тезроқ қилади?» деб сўради. Масруқ: «Абдуллоҳ», деди. Оиша: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилар эдилар», деди» (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Абу Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ билан Рамазон ойида сафарга чиқдик. Қуёш ботганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй фалончи, туш ва шавласимон(таом)ни аралаштир», дедилар. У: «Ё Расулуллоҳ, ҳали кун ёруғ-ку!», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Туш ва аралаштир», дедилар. У тушиб, таомни тайёрлаб, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У зот ўша овқатдан тановул қилдилар, сўнг қўллари билан кўрсатиб: «Агар қуёш бу ердан ғойиб бўлиб, бу ердан тун кириб келса, рўзадор оғзини очади», дедилар» (Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саҳобаларининг биридан бундай ривоят келтирган: «Мен Расулуллоҳ ҳузурларига кирдим. У зот саҳарлик қилаётган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу (саҳарлик) Аллоҳ сизларга берган баракадир. Уни тарк қилманглар», дедилар» (Насоий ривояти).
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ билан бирга саҳарлик қилдик. Сўнг у зот намозга турдилар. Мен: «Азон ва саҳарлик орасида қанча муддат бор эди?», дедим. У зот: «Эллик оят (ўқиш) миқдорича», дедилар» (Бухорий ривояти).
Бундан чиқиб айтиб ўтиш мумкинки, саҳарликни кечиктириш рўзани енгиллаштиради, рўзадорга осонлик туғдиради ва бомдод намозигача ухлаб қолишдан сақлайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуруқ хурмо мўмин учун қандоқ яхши саҳарлик-а!» дедилар (Абу Довуд ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ саҳарлик пайтида «Эй Анас, мен рўза тутмоқчиман. Менга бирор таом бер» дедилар. Мен у зотга қуруқ хурмо ва бир идишда сув олиб келдим...» (Насоий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ифторликни тезроқ қилиш ва оз бўлса-да, тановул қилиб саҳарлик қилиб олишлари ҳақида яна Анас розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ифторлик қилмасдан туриб шом намозини ўқиганларини кўрмадим. У зот бир қултум сув билан бўлса ҳам, оғиз очар эдилар». Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ҳам қуйидаги ривоят мавжуд: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинглар», деб айтардилар» (Ибн Ҳиббон ривояти).
https://t.me/+wvPM7t4BiTE3NzUy