СОҒИНЧ (ОТА)
Ота, ёнимизда йўқсизу, аммо
Қайгадир вақтинча кетган ўхшайсиз.
Аста телефоннинг гўшагин қўйиб,
Манзилга соғ-омон етган ўхшайсиз.
Нимадир тиқилди бугун бўғзимга,
Тугамас экан-да соғинч муддати.
Ҳовлимиз мунғайиб қолганми гўё --
Сизнинг келишингиз ҳамон кутади.
Кулдим дўстлар билан, тун кириб келгач
Кўз ёшимга қўшилиб ёғилдим:
Ҳозир чет элдаман, уйдагилармас,
Негадир айнан сизни соғиндим.
Ота, қийин экан ростан отасиз,
Маслаҳату, ўгит, йўқ, йўқ, шундоқ, отасиз...
Ҳамманинг отаси ўзига суюк,
Бугун билиняпсиз ўта сиз...
Осмон узилмади сиз кетгач, тўғри,
Ризқ ҳам камаймади, ҳаёт шу гўё.
Аммо сиз ёнимда турган даврлар
Кенгроқ, шарафлироқ экан-да дунё.
Сезилди, узилди нимадир сим-сим,
Индамай ўшани олиб кетдингиз.
Мунғайган, сарғайган маҳзун кўзларда
Недир сурат бўлиб қолиб кетдингиз.
Аламларим ични кемириб ётар,
Билмам тун шу бўлса, тонг қандоқ отар.
Ўша сиз сезилмай юрган чоғларим
Яшаган эканман жуда бехатар...
Бугун аҳвол шудир, кўзларим маъюс,
Қутлуғ дард юкига шерик эканман.
Ота, йиғлаб чиқдим эрталабгача,
Демак, хотирим жам -- тирик эканман.
Чет элда юрибман, дунё пойимда,
Ҳар ёндан таралар беминнат ардоқ.
Лекин соғинганим рост-да шу кеча
Тириклардан кўра сизни зиёдроқ!..
Балки...
Балки айтилмаган қандайдир сўзлар...
Йўқ, йўқ, унақаси бўлмаган, ёлғон --
Сиз мени тинмасдан тинглар эдингиз,
Сизни тинглолмадим. Мана шу армон.
Топдим, шу армондан юрагим ёнар,
Қоврилиқ сабаби шудир танда жон.
Илойим, жаннатга раво кўрилсам,
Соатлаб тинглайман Сизни, отажон...