Тилимизни ёмон сўздан тиймадик,
Ўзга дардин тингламадик, куймадик,
Мол дунёга ҳирс қўйдигу, тўймадик,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Фарзандларни қайтармадик йўлидан,
Пули борни доим тутдик қўлидан,
Жуда узоқлашдик савоб кўлидан,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Қизларимиз ечди ҳаё либосин,
Олтин, зарга сотди Кумуш ибосин,
Ишратларга алишди соф дунёсин,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Чақалоқлар кўчаларда тўғилди,
Тўғилдию дунё кўрмай бўғилди,
Чирқиратдик нораста қиз, ўғилни,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Аямади фарзанд урди отасин,
Бурда нонга зорлар қилди онасин,
Пулга сотди ҳали гўдак боласин,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Яхшиларни камситдикку, қопдикку,,
Ёмонликни этак бўлиб ёпдикку,
Тўғри турса туҳмат тошин отдикку,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Ё Роб, эркак бўяб чиқди кўзини,
Тақлид қилди аёлларга сўзини,
Итлар есин бундайларни юзини,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Четда кезар нозик қизлар, аёллар,
Тўй бўлмайин, айтилмайин ёр - ёрлар,
Ўйлайверсак тўзғиб кетар хаёллар,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Иш тушганда ахчасиз ҳал қилмадик,
Қўшни қандай яшаяпди билмадик,
Қариндошдан ойда бир ҳол сўрмадик,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Бекоргамас ахир ВИРУС келиши,
Бунга сабаб бизни Роббим билиши,
Тавба қилинг , дангал гапни бўлиши,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Дўстлар, энди мақбул ишлар қилайлик,
Кўзни очиб савобга шошилайлик,
Нима қилсак Аллох кўнглин олайлик,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар.
Азиз ҳалқим, жойномозни тутайлик,
Сажда қилиб, иймонимиз бутлайлик,
Ёруғ юзла, ёруғ кунни кутайлик,
Аллох биздан хафа бўлди ёронлар!!!