#Фикр
Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар тенгҳуқуқлилиги борасида сўз борар экан, баъзан
«Аёллар эркаклар билан шундоқ ҳам тенгҳуқуқли бўлса, қайтанга, аёл бўлгани учун уларга кўпроқ имтиёзлар ҳам бериляпти. Шу ҳолатнинг ўзи жинслар тенгҳуқуқлилиги принципига зид эмасми?» - деган эътирозлар ҳам билдирилади. Шу масалада бироз тўхталиб, фикримни билдиришни лозим топдим.
Ўтган (юз-минг) йиллар давомида инсоният аёлларнинг ҳуқуқсизлигига кўникиб, бу ҳол суяк-суяккача, онг-онгостигача сингиб-суғорилиб бўлди. Энди буни ўзгартириш учун кўп йиллар ва қаттиқ ҳаракат талаб қилинади. Олиб қўйилган
ҳуқуқлар давлат томонидан тиклаб берилгани билан, улардан фуқаро (аёл)ларнинг фойдалана олиш имконияти қай даражада эканини ҳам ҳисобга олиш зарур.
Оддийгина олий таълим олиш учун хотин қизларга ажратилган алоҳида имтиёзли ўринларга тўхталамиз. Таққослаш учун мисол: Ҳеч қайси ота-она ўғил фарзандига
«шу йил ўқишга кирмаса, биринчи рози бўлган қизга уйлантириб қўйиш» шартини қўймайди. Қиз фарзанд мактабни битириши билан (
баъзан, мактабда ўқиб юрган пайтиёқ) турмушга узатиш ҳаракати бошланади. Баъзан қизнинг маълумоти олий таълим олиш учун етарли бўлмаган ҳолда ҳам тўхтатиб қўйилади. Яъни, 9-синфни битириши билан мактабдан чиқариб олишади. Қизда
на тўлиқ ўрта таълим (11-синф), на ўрта-махсус (коллеж) таълим маълумоти бор. (Шу 9-синф маълумоти билан қолиб кетган танишларим вагон-вагон!) Тўлиқ ўрта ёки ўрта-махсус таълим олгани билан олий таълимга рухсат ололмайдиган, рухсат ололмаган қиз-аёллар - алоҳида мавзу. Ўқишга рухсат ололган қизлар 2 турга бўлинади - «оила бюжетига зарар бермай, фақат текинга, яъни, ўқигани учун давлатга пул тўламай ўқий олсагина, ўқийдиган» ва ростдан ҳам оиладагилари қўллаб-қувватлаб, фарзандлари олий маълумот олиши тарафдори бўлган оила қизлари. Бу «кўрсаткич»лар тарозининг енгил посангисига неча ботмон тош босади, деб ўйлайсиз? Тиббий хизматлардан фойдаланиш, туғруқлар ва оналик борасида гапиришга зарурат ҳам йўқ.
Тенглик, тенгҳуқуқлилик - бу фақат ҳуқуқларнинг бир хилда тақсимланишигина эмас,
натижада шу ҳуқуқлардан барча тенг равишда фойдалана олиши ҳам демакдир. Давлат нафақат ҳуқуқларни бериш билан тенгҳуқуқлиликни йўлга қўяди, балки, улардан фойдаланиш механизмини ҳам ишлаб чиқиш билан уларни мустаҳкамлайди ҳам. Чунки, ҳуқуқлар берилгани билан, ундан фойдалана олиш имконияти бўлмаса, (бошқа бир фуқаро(лар) ҳуқуқлардан фойдаланишга йўл қўйишмаса!) бундай ҳуқуқлар берилганидан нима фойда?
© Алия ТЕМУРИЙЗОДА#SukutSaqlama #СукутСақлама #ЖинсларТенгҳуқуқлилиги #ГендерТенглик