#САВОЛ:
-Айбга буюрмайсиз, бир савол қизиқтирадида, мазҳабимиз бўйича сўраламизми, ёки сўралмаймизми?
#ЖАВОБ:
-Қабрда инсон ислом устунлари бўлган, барча имомлар ижмо қилган уч нарса хақида сўроққа тутилади: Раббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким? Инсон ўзининг яшаб ўтган ҳаётида бу уч савол моҳияти бўйича яшаб ўтган бўлса, амалига мувофиқ жавоб беради. Қабрда ҳам, қиёматда ҳам оддий мусулмон одам уламолар ихтилоф қилган, ижтиҳодий масалаларда сўроққа тутилмайди. Лекин бу дегани ихтилофли ўринларда ҳар ким ўзича гапирсин дегани эмас. Асло. Балки бундай ўринларда шу мақомга лойиқ кишилар сўзласин, умматга шариат ҳукми тақдим этилиш ўрнида фатво беришга энг лойиқ бўлган мужтаҳид кишилар сўзи олинсин дегани. Бундан ташқари, барча мужтаҳид имомлар Қуръону Суннатда ҳукми очиқ-ойдин келган масалаларнинг барчасига беистисно иттифоқ қилганлар, мутлақо ихтилофга бормаганлар. Бироқ, мазкур далиллар ичида далолати ёки собитлиги ихтилофли бўлган, олим ўз ижтиҳодига кўра далиллардан ҳукм чиқариши лозим бўлган масалаларда ихтилоф этиш мажбуриятида қолганлар ва ҳар бир мужтаҳид ўз қарашига эга бўлган. Саҳобалардан сўнг, тобеинлар ва улар ортидан келган уламолар даврида илми кучли ва ижтиҳод қилишга лойиқ кишилар кўп ўтган. Йиллар ўтиши билан ўша ижтиҳодлардан тўрт имомнинг ижтиҳоди ва йўли Оллоҳнинг ўзи ҳикматига боғлиқ бир танлови ила ажраб кўзга кўриниб қолган. Мазкур тўрт имомнинг барчаси илму тақвода пешқадам бўлгани учун кейин келган уламолар шу имомларнинг ҳар бирининг ижтиҳоди ихтилофли ва илгари ҳукми келмаган масалаларда ўз таъсир доирасидаги ерларда бошқалар ижтиҳодига кўра афзал эканига салкам иттифоқ қилганлар. Қуръону суннатдан бевосита аҳкомлар чиқара олмайдиган кишиларга бу имомларнинг ижтиҳоди ва фикри бўйича фатво бериш бошқа улардан пастроқ мартабадаги олимлар ижтиҳодига кўра фатво беришдан кўра авло ва афзал эканини билганлар. Бу борада Оллоҳ таолонинг "Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўранг" оятига амал қилганлар. Ҳатто Қуръону Суннатдан етарли билимга ва истинбот қуролларига эга бўлган, лекин ижтиҳодда мазкур имомлардек бўла олмаган олимларга ҳам ўзлари учун ўз ижтиҳоди ила амал қилишга рухсат берсалар-да, оммага келганда мазкур мужтаҳид имомлар ижтиҳодидан келиб чиқиб фатво беришни тавсия қилганлар. Аллома Заҳабий ўзининг машҳур "Сияру аъломин нубало" китобида бу ҳақда узун сўзлаганидан сўнг хулоса ўлароқ тахминан шундай дейди: "Истинбот қуролига эга бўлган, далиллар мажмуига кўра ҳукм чиқара олиш қобилиятига эга бўлган олим ўзи ва Рабби орасида ўзининг ижтиҳоди бўйича амал қилсин. Оммага эса фақат имомининг мазҳаби бўйича фатво берсин". Уларнинг бундай эҳтиёт бўлишларига сабаб - Оллоҳ номидан имзо чекишдек бўлган хатарли фатво мақомида бошқа уламоларга суянгандан кўра, умматнинг барчаси таслим бўлган катта мужтаҳид имомлар фатволарига, улар қолдириб кетган истинбот асосларига суянишдир.
Хулоса, бу хатарли мавзу ҳар ким ўзича фикр билдириб кетадиган мавзу эмас. Оллоҳ таоло барчамизни ислоҳ қилсин, қалбимизга иймон ва динга таслим ҳаловатини берсин, турли ғиллу ғашликлардан, кибру ҳасаддан, барча иллатлардан пок қилсин.
©Сайфуллоҳ Носир