БАРОАТ КЕЧАСИ ҲАҚИДА
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Шаъбон ойи ярим бўлганидаги кечани бедор ўтказинглар, кундузида эса рўза тутинглар. Чунки ўша пайтда Аллоҳ қуёш ботиши билан дунё осмонига тушади ва:
«Қани, истиғфор айтувчи борми? Мен унга ризқ берурман. Қани, балога учраган борми? Мен унга офият берурман. Фалончи қани, фистончи қани?» – дейди. Токи тонг отгунча шундоқ бўлади», дедилар».
(Ибн Можа ривоят қилган).
Ҳазрати Алидек улуғ саҳобий бу қадар аҳамияти юксак бўлган ҳадисни ўзларича айтмаслиги табиий, албатта. Бу ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар ва ўша эшитганларини ўз иборалари билан ифода этганлар.
Ушбу ривоятга биноан шаъбон ойининг тенг ярмидаги кеча ҳам, кундуз ҳам улуғ ва баракотли вақтлар саналади.
Шу сабабдан ҳам ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тавсияларига биноан, кундузни рўза, кечасини бедорлик ибодати билан ўтказишга ҳаракат қилмоқ керак бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда бошларини кўтариб осмон томонига қараб турган эканлар:
«Эй Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф туйдингми?» – дедилар.
«Сизни бошқа аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим»,– дедим.
«Албатта, Аллоҳ шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушадир ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ гуноҳларни мағфират қиладир», – дедилар».
(Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилинган).
Бақийъ – Мадинаи мунавварадаги машҳур қабристон. Барча Мадинада вафот этган саҳобалар шу қабристонга дафн этилганлар. Зотан, Мадинаи мунавварада бошқа қабристон йўқ эди.
«Калб» – машҳур араб қабиласи бўлиб , ўша вақтда Бани Калб қабиласи энг қўйи кўп қабила бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойи ярмида Аллоҳ таоло жуда ҳам кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаб ўша қўйларнинг жуни ададидан ҳам кўпроқ деб эсга олганлар.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир дона қўйнинг жун толалари қанча бўлишини санашнинг ўзи қийин. Араб қабилалари ичида энг кўп қўйли қабила қўйлари жун толаси қанча бўлишини тасаввур қилинг. Бу ўша кеча жуда ҳам фазилатли эканига далолатдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- кечаси қабристонга бориш, осмонга қараб туришнинг мумкинлиги;
- Оиша онамизда ҳам қизғанишнинг борлиги. Пайғамбаримизни бошқа хотинлари олдига кетган бўлсалар керак, деб ортларидан излаб чиқишлари шуни кўрсатади. Бу эса айб эмас, балки табиий бир ҳол. Балки меъёрида бўлса, аёл кишининг зийнати ҳам.
- Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг руҳий ҳолатларини яхши тушунишлари;
- шаъбон ярмидаги туннинг фазилатли кеча экани;
- мазкур кечада кўплаб гуноҳларнинг мағфират қилиниши;
- шаъбоннинг ярмидаги кечада бедор бўлиб ибодат, истиғфор ва дуо билан машғул бўлишнинг афзаллиги;
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ шаъбон ойининг ярмидаги кечада назар солиб жамики махлуқотларни мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».
(Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилинган).
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- шаъбон ярмидаги кечанинг фазилатли экани;
- мазкур кечада Аллоҳ махлуқотларига назар солиб, ҳаммаларининг гуноҳларини кечириши;
- мушриклик ва хусуматчиликнинг жуда ёмон, кечирилмас экани.
Демак, шаъбон ойи яримлаганда, ибодат қилиб мазкур ваъда қилинган ажру савоб ҳамда мағфиратлардан баҳраманд бўлиб қолиш керак. Ана шундоқ фазилатли вақтда гуноҳлар мағфират қилинишига монеъ бўлгувчи мушриклик ва хусуматчиликдан узоқлашмоқ лозим.
БАРОАТ КЕЧАСИ ҚАЙСИ ТУНГА ТЎҒРИ КЕЛАДИ?
Эслатма! Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан бири Бароат кечасидир.
Милодий ҳисобда 2025 йил 13 февраль (пайшанба)дан 14-февраль (жума)га ўтар кечасига тўғри келади.
Рўза вақтларидан хабардор бўлиш учун:
👉
@RevgariyUZ