Репост из: Raqobat qo‘mitasi
ИСТЕЪМОЛЧИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Telegram | Raqobat.gov.uz | Facebook | Youtube | Instagram | X
Нархи сифатига номуносиб бўлган товар пули қайтарилди
Рақобат қўмитаси томонидан Тошкент шаҳридаги Самарқанд дарвоза савдо комплексидан сотиб олинган устки кийим сифатсиз чиққанлиги юзасидан фуқародан тушган мурожаат ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида фуқаро 3 млн 500 минг сўмга харид қилган қишки кийими ёмғирли ҳавода сувни ва совуқни ўтказиб юборгани, савдо шохобчасидан сотилган сифатсиз товарга тўлаган пулини қайтариб берилмаётганлиги маълум бўлди.
Қўмитанинг тегишли сўров хатига жавобан савдо комплекси томонидан нархи сифатига номуносиб бўлган куртка учун тўланган 3 500 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтарилиши таъминланди.
Йўқолган багаж учун фуқарога компенсация тўланди
Рақобат қўмитаси Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро К.Ғ.нинг “Qanot Sharq” МЧЖ авиакомпанияси хизматидан норозилиги билдирилган мурожаатни кўриб чиқди.
Ўрганишлар давомида учишга тегишли ҳужжатлар, ариза, чипта ва талонлар фуқаронинг “Пукет-Тошкент” йўналишида учиб келганини тасдиқлади. Аммо орадан 4 ойдан ортиқ вақт ўтишига қарамай, багажи етказиб берилмаган. Хизмат кўрсатувчи иккита авиакомпания хулосалари багажни йўқолганини тасдиқлади ва “Qanot Sharq” МЧЖ 15 кг багаж учун компенсация тариқасида 4 300 000 сўмдан ортиқ маблағни тўлаб берилиши таъминланди.
Нуқсонли телевизор сифатлисига алмаштирилди
Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи фуқаро Н.О. “IDEA” савдо дўконидан 4 500 000 сўмга телевизор сотиб олган, уйга келтирилганда нуқсони борлиги учун умуман кўрсатмаган. Истеъмолчи мазкур масала бўйича дўкон ходимларига бир неча бор мурожаат йўллашига қарамасдан муаммо ижобий ҳал қилиб берилмаган.
Рақобат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига фуқаро қолдирган мурожаат ўрганиб чиқилганида савдо шохобчаси фуқарога сотиш жараёнида мазкур телевизорни олдиндан ишлатиб, текшириб бермаганлиги маълум бўлди. Натижада савдо дўконидан олинган нуқсонли телевизор маҳсулоти худди шу нархдаги ва русумдаги янги телевизорга алмаштириб берилиши таъминланди.
“Uzum market” фуқарога товар пулини қайтариши таъминланди
Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро К.Д. “Uzum market” савдо платформаси орқали 860 минг сўмга пайвандлаш ускунасига буюртма қилиб, тўловни олдиндан амалга оширади. Маҳсулот рекламасида ўзгарувчан ва ўзгармас токда ишлаши кўрсатилган бўлса-да, амалда эса ўзгармас токда пайвандлаш имкони йўқлиги маълум бўлган.
Маҳсулотни қайтариш ва тўланган маблағларни олиш юзасидан қолдирилган мурожаатни Рақобат қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди ва натижада пайвандлаш ускунаси учун тўланган маблағ тўлиқлигича “Uzum market” МЧЖ ХК томонидан қайтарилиши таъминланди.
Telegram | Raqobat.gov.uz | Facebook | Youtube | Instagram | X