Мурод Калонхон ижодидан
Қадрли тумандошлар! Айни кунларда жойларда «Жаҳолатга қарши маърифат» мавзусида учрашувлар ўтказилиб, уларда обрў-эътиборга сазовор бўлган олиму уламолар маърузалар қилмоқдалар. Мақсад аҳолини илмли, маърифатли қилиш, жаҳолат ботқоғига ботиб қолмасликлари учун ёрдам бериш.
Бу эзгу мақсадга эришиш учун эса, албатта, китоб ўқиш керак. Китоб ҳар қандай кишини жаҳолатдан маърифат дунёсига олиб чиқадиган қудрали куч.. Шуни ҳисобга олиб суюкли фарзандларингизга ўқиб берарсиз, деган эзгу умид билан қуйидаги шеъримни, Сиз азизларга, ҳавола қилдим.
КИТОБ ЎҚИГАН, БОЛАМ
Қалбингни босса алам,
Ҳеч ким этмаса карам,
Ўксимасдан сира ҳам
Китоб ўқигин, болам.
Бошингга тушса кулфат,
Хиёнат этса улфат,
Топиб ўзингга қудрат,
Китоб ўқигин, болам.
Толе бўлиб кетса ёт,
Эзиб ташласа ҳаёт,
Топай десанг гар нажот
Китоб ўқигин, болам.
Бўлиб у ё бунинг кам,
Тушкунликка тушсанг ҳам,
Хотирингни этиб жам
Китоб ўқигин, болам.
Бу дунё бўлса ҳам кенг,
Ҳамма эмас, ахир, тенг.
Шимариб олгин-да енг
Китоб ўқигин, болам.
Ўссин десанг шуурим,
Ошсин десанг ғурурим,
Узлатда ўтирмай жим,
Китоб ўқигин, болам.
Бўлсанг ҳам ғоят ўктам,
Бўлсанг ҳам тўкис, бекам,
Барибир сен шунда ҳам
Китоб ўқигин, болам.
Китоб эрур нур, зиё,
Кўзларингга тўтиё.
Ҳар томон оғмай қиё
Китоб ўқигин, болам.
Ўқиган кам бўлмайди,
Очилади сўлмайди.
Бу дунёда ўлмайди,
Китоб ўқигин, болам
Китоб ўқигин, болам,
Учмасин кўкка нолам.
Лаҳза фурсат топсанг ҳам
Китоб ўқигин, болам.
Ўқиганнинг феъли кенг,
Қадри осмон билан тенг.
Улуғ бўлай десанг энг,
Китоб ўқигин, болам.
Китоб уққан бўлур бой.
Бўлур мисли Ҳотамтой.
Қалби бўлур қуёш, ой,
Китоб ўқигин, болам.
Китоб мисоли офтоб,
Ўқийвергин бобма боб.
Китоб ўқиган савоб,
Китоб ўқигин, болам.
Китоб ўқигин, болам...