Ҳазрат Усмон (р.а) жуда бадавлат одам эдилар. Бир куни шаҳар бўйлаб, Усмон (р.а)нинг ун тўла карвони келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Айнан ўша пайтларда шаҳар анча анг аҳволда қолган, очарчилик авж олган, одамлар нонга зор эдилар. Абу Бакр Сиддиқ (р.а) ва яна бир нечта саҳобалар Усмон (р.а) нинг олдига боришга мажбур бўлдилар:
- Эй Усмон, карвонинг келаётган экан. Одамларни танг аҳволдан қутқариш зарур, агар иложи бўлса, келаётган маҳсулотларни бизга сотсанг.
- Қанча нарх бера оласизлар?
- Қанча сўрайсан?
- Эй, Абу Бакр, мен қўйган нархда сотиб олишга қурбиларинг етмаса керак.
Мавҳумлик ичида қолган бир гуруҳ саҳобалар Усмон (р.а) нинг уйини тарк этдилар. Шунга ўхшаш ташриф ва суҳбатлар яна бир икки марта бўлиб ўтди. Усмон (р.а) юк келмагунча, савдони пишитишни истамас, нарх ҳақида ҳам очиқ сўзламас эди.
Ниҳоят юклар келди. Ҳазрат Усмон (р.а) карвондаги барча мол мулкни шаҳар аҳолисига текинга тарқатиб юборди. Очарчиликни енгиб ўтдилар...
"Икки нур соҳиби", бутун мусулмон оламининг хурматга сазовор саҳобаларидан бири, учинчи халифа, тириклигидаёқ жаннатнинг башорати берилган Усмон (р.а) "жуда баланд" деб таърифлаган нарх - Аллоҳнинг хузурида садақа учун бериладиган улкан савоб эди. Ҳақиқатан ҳам, Абу Бакр (р.а) бошлиқ бутун шаҳар аҳолиси ҳам ҳеч қачон бу нархни тўлаб бера олмас эди.
@timmy_duz_it