ИННОВАЦИОН СЕВГИ ЁХУД ЗАМОНАВИЙ ОШИҚ ИҚРОРИ - 2
Хаёлим хаёлингга интеграция қилсам,
Гардингни суриб кўзга мотивация килсам.
Кўнглинг инжа кўзгудир, ногоҳ дарз кетмасин деб,
Жонимдан ғилоф айлаб, ломинация қилсам.
На илож, яшаяпман ёлғон, чинларинг аро,
Баландпарвоз гапирмам “сарлочин”ларинг аро,
Балки бир бор шивирлаб қулоқчинларинг аро –
Қайтиб ҳеч кас қилолмас кульминация қилсам.
Овозли хабарларинг – такаллумингдан сенинг,
Тотли “mp3”ларинг – тараннумингдан сенинг,
Табиий лаблар аро табассумингдан сенинг –
Мурда янглиғ ҳисларим активация қилсам.
Бўлсам-да минг бўлакка, дил боғланмас бўлакка,
Ҳажринг тиғлари охир етиб борди суякка,
Ёзғирсам ҳайрон бўлма, керак бўлса Фалакка –
Васлинг бермади дея апелляция қилсам.
Майли, санкция бергил жабру ситамлар узра,
Омадим кулиб жами юлдуз одамлар узра,
Юрагимда тўшалган алвон гиламлар узра
Фақат сен ила танҳо папараццилар қилсам...
Муҳаббат – йўл, мен бошдан, сен-чи, сўнгидан келиб,
Мен Шомдан келсам гўё сен Фарангидан келиб,
Бир хуш туш кўрсам, у туш яна ўнгидан келиб,
Чап кўксимда биз учун Ассоциация қилсам.
Ҳуснинг мулкига жами иқтисодим ўтказиб,
Қалб ҳисоб рақамингга ҳиссиётим ўтказиб,
Бу ҳам етмаса... шартта бор ҳаётим ўтказиб –
Фанда йўқ инқилобий инновация қилсам!
05.05.2022 й.
Rustam_MIRVOKHID