📝Шукр қилган...
Бир синфдошим бор эди. Отаси “катта жой”да ишлар, бадавлат яшашар эди. Маҳаллада биринчи бўлиб телевизор олишган эди. Синфдошим яхши ўқирди. Еттинчи синфни битирган куни мотоциклли бўлди. Мактабни олтин медал билан тугатди.
Йиллар ўтди. Бир куни кўришиб қолдик.
– Ишлар қалай? – десам, зарда билан қўл силтади:
– Расво! Домлам ўлгудек мараз! Номзодлик ишимни чўзиб ётибди.
Йиллар ўтди. Тағин кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Расво! Ўғлим кўп ичади. Кеча яп-янги машинанинг пачағини чиқариб келди!
Йиллар ўтди. Яна кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Расво! Қизимнинг турмуши нотинч. Қайнонаси ёмон. Судлашмоқчиман.
Йиллар ўтди. Синфдошим бетоб деб эшитдим. Шифохонага борсам, ранги бир ҳолатда ётибди.
– Соғлиқ қалай?
– Расво! Қанд касали деган палакат адойи-тамом қилди. Ўлиб-ўлмайман, тузалиб-тузалмайман!
Тавба, деб гапирай-ку, фаришталар омин деган эканми, узоққа бормади, бечора… Яна бир синфдошим бор эди. Отаси урушдан яримжон бўлиб қайтган, тўкилиб кетай деб турган кулбада туришарди. Яхши ўқирди. Лекин медалга “илинмади”.
Йиллар ўтди. Бир куни кўришиб қолдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши!
Мебел фабрикасида ишлаяпман. Кундузи дурадгорлик қиламан. Кечаси уч кунда бир қоровулман. Яқинда велосипед олдим.
Йиллар ўтди. Тағин кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Ўғлим ўқишни битириб, чет элга ишга кетди.
Йиллар ўтди. Яна кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Қизим фарзанд кўрди. Неварамга бешик олишга кетяпман!
Йиллар ўтди. Синфдошим бетоб деб эшитдим. Худди ўша, бошқа синфдошим ётган шифохонада экан. Ранги бир ҳолатда.
– Соғлиқ қалай?
– Худога шукр, яхши! Буйрак жиндай шамоллабди. Берган дардига шукр!
Яқинда уни тағин кўрдим.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Тўнғич неварамнинг бўйи чўзилиб қолди. Худо хоҳласа, беш-олти йилда невара куёв кўраман. Тўйга келасан-а?!
© Ўткир Ҳошимов
“Ярим аср дафтари” китобидан.
•┈•┈•┈•┈•✿•┈•┈•┈•┈•
Якинларизга хам улашинг!👇🏻
➥ https://t.me/+m4yFPj_YtVllNTQy