Ака!Сочларингиз оқарди эрта,
Ўхшаб кетаяпсиз отамга бирам!
Йўлимга қарайсиз кунда минг марта,
Кечагина келиб кетган бўлсам ҳам.
Менинг улғайганим эртакдек,тушдек,
Ҳамон гўдак дейсиз Ака, ҳойнаҳой.
Энг нафис,энг тоза биллур идишдек,
Авайлаб қўярга тополмайсиз жой.
Биламан,бу ярим кўнглимни олиб,
Қилмоқ бўласизда уни бус-бутун.
Мени деб яшайсиз ўзингиз қолиб,
Отамнинг ўрнини билдирмасликчун!
Ака!Паноҳимсиз! Тоғим суянган!
Илло мен дунёда бахти чопган қиз!
Ўзимни танибман,билмасам экан,
Синглим ўксимасин деб яшашингиз!
Ўсдингиз отамнинг энг эркасини,
Кўтариб,ортмоқлаб,қачон қараса.
Энди заҳматларнинг бир чеккасини,
Кўтаришга ношуд сингил яраса!
Сизга омонатман ширин сўзлигим,
Отам ёш кетдилар эсиз,эсиза!
Сизсиз бу дунёда яшолмаслигим,
Асло ёдингиздан чиқармайсиза?!
✍Малика Салимова
Каналга обуна бўлиш учун ушбу
линкни босинг 👇🏻👇🏻https://t.me/+3DY3uc9J-j04YmNi