Қутуб Аҳмад Бадавий раҳимаҳуллоҳнинг ўз шогирди Абдул Олга қилган ўнта насиҳати:
1. Эй Абдул Ол, тунда туриб ҳузури қалб ила ўқилган бир ракъат нафл намоз кундуз куни ўқилган минг ракъат нафл намоздан яхшироқдир.
2. Эй Абдул Ол, очларни тўйдир, яланғочларга кийим кийдир, етимларнинг бошини сила, ийманиб сўрамайдиган фақирларга эҳсон-садақа қил.
3. Эй Абдул Ол, дунёга муҳаббат қўйишдан ўзингни сақла! Чунки, у сирка асални бузганидек, амални бузади. Зеро, дунёнинг муҳаббати билан Аллоҳга бўлган муҳаббат битта қалбда жам бўлмайди.
4. Эй Абдул Ол, кўп зикр қилишга одатлан! Раббинг сени ғофиллар қаторида кўришидан ўзингни сақла.
5. Эй Абдул Ол, бизнинг тариқатимиз Қуръон ва суннатга, садоқат ва вафога, озорларга сабр қилиш ва аҳду паймонни асрашга асосланган.
6. Эй Абдул Ол, бирор кишининг мусибатидан қувонма, ғийбат ва чақимчилик қилма, сенга озор берган кишига азият етказма, зулм қилганни авф эт, ёмонлик қилганга яхшилик қил, маҳрум қилганга бер.
7. Эй Абдул Ол, сен Аллоҳга етишиш йўлида юрганларнинг ичида энг садоқатлиси ким эканлигини биласанми? У бирор кимсадан нарса сўрамайдиган, агар берилса шукр қиладиган, берилмаса Аллоҳнинг ҳукмига сабр қиладиган, Китоб ва суннатга амал қиладиган кишидир.
8. Эй Абдул Ол, кимнинг илми бўлмаса унинг на дунёда ва на охиратда қадр-қиммати бўлмайди. Кимда ҳалимлик бўлмаса, унинг илмидан фойда бўлмайди. Ким халойиққа нисбатан шафқатли бўлмаса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида шафоат топмайди. Кимнинг сабри бўлмаса, ишида унум бўлмайди. Кимнинг тақвоси бўлмаса, Аллоҳнинг ҳузурида мартаба топмайди. Ким мана шуларнинг ҳаммасидан маҳрум бўлса, жаннатдан насибаси бўлмайди, илло Аллоҳ раҳм қилганларгина бундан мустаснодир.
9. Эй Абдул Ол, агар сен Аллоҳ ва Унинг Расулининг наздида мақоминг юксак бўлишини истасанг ўзингга ҳалимлик ва ҳусни хулқни лозим тут.
10. Эй Абдул Ол, сен ҳар нафасингда Аллоҳга тавба қил ва Унга истиғфор айт. Зотан, қайси нафасингда вафот этишингни билмайсан.
https://t.me/Amuziyosiuz