ПУЛ КЕТИДАН ҚУВГАНЛАР
Гули бор, ифори йўқ,
Ҳаёси йўқ, ори йўқ,
Пулдан бошқа зори йўқ,
Пул кетидан қувганлар.
Пул ишқида девона,
Умри ҳазон, сарсона,
Туққанига бегона,
Пул кетидан қувганлар.
Қалби қаттиқ, қалби тош,
Отасига эгмас бош,
Оқибатсиз қариндош,
Пул кетидан қувганлар.
Сояси йўқ бир чўп, ҳас,
Қадри арзон,қадри паст,
Қўшнисини танимас,
Пул кетидан қувганлар.
Ҳардан манфаат кўзларлар,
Миннат билан сўзларлар,
Бойдан қуда изларлар,
Пул кетидан қувганлар.
Имонини нафс ўрар,
Тушларида пул кўрар,
Булбулдан ҳам пул сўрар,
Пул кетидан қувганлар.
Шахти бор-у,аҳди йўқ,
Бойлиги бор бахти йўқ,
Боласига вақти йўқ,
Пул кетидан қувганлар.
Ағёр уруғ, наслига,
Қуш ин қурмас қасрига,
Нафсига қул нафсига,
Пул кетидан қувганлар.
Ҳақни ёздим,ёздим хўп,
Қўйинг менга урманг дўқ,
Ҳозир жуда,жуда кўп,
Пул кетидан қувганлар.
✍Хуршид Карим
🌸🍃