Навоийда янги йирик лойиҳалар қурилишига старт берилди2024 йилда Навоий шаҳри таркибида Янги Навоий шаҳарчаси биринчи босқичи қурилиш жараёнлари бошланган эди. Шаҳарчада баландлиги 7 дан 32 қаватгача бўлган турар жойлар, мактаблар, боғчалар ва поликлиника, шунингдек, боғ ва университетнинг янги биноси қурилиши режалаштирилган.
Бугун, 19 январ куни Навоий вилояти тарихи зарварақлари учун яна бир муҳим сана сифатида муҳрланадиган бўлди. Навоий шаҳридаги "Фаровон" МФЙ ҳудудида “GRATIS BUILDINGS” МЧЖ томонидан конгресс ҳол, 27 қаватли меҳмонхона ва бизнес маркази, кўп қаватли турар жой комплекси қурилишига старт берилди. Ушбу тадбирда вилоят раҳбари Нормат Турсунов, нуронийлар, ҳудудлар раҳбарлари ва бир гуруҳ фаоллар иштирок этди.
Бундан ташқари, Навоий шаҳри "Ёшлик" маҳалласидаги 19 гектар майдонда Навоий давлат университетининг янги кампуси қад ростлайди. 2027 йилга қадар битказилиши режалаштирилган талабалар шаҳарчасида 12 минг ўринли ўқув бинолари, 2 минг 400 ўринли талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари, амфитеатр, сайилгоҳ, замонавий ўқув лабораториялари, музей, илмий-тадқиқот ва коворкинг марказлари, кутубхона, очиқ ва ёпиқ типдаги бассейн ва бошқа инфратузилмага эга замонавий бинолар қурилади.
Ушбу лойиҳаларга ҳам айнан бугун рамзий старт берилди. Келажакда бу каби замонавий ва ҳашаматли объектлар Янги Навоий шаҳарчасига ўзига хос кўрк бағишлайди.
Қувонарлиси шундаки, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Навоий шаҳридаги “Янги Навоий шаҳарчаси” ишбилармонлик маркази ва “Янги Ўзбекистон” боғининг қурилишини жадаллаштириш учун 50 млн. доллар ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши бўйича дастлабки ишларни бошлаш учун Навоий вилояти маҳаллий бюджетига 100 млрд сўм ажратилгани вилоят аҳолисининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.
Telegram|
Facebook I
YouTube I
Live