Алжирашлар туркумидан.
Наққошим, бағримни ўйворма,
Гулларнинг никоҳин қийворма,
Азизим, бағрингдан қўйворма,
Ҳаловат истарман, ҳаловат.
Эскирган, туйғулар эскирган,
Чеҳрамга хазонранг тус кирган,
Бахт мени, мен бахтни туш кўрган.
Адолат истарман,адолат.
Ўзимни дарахтдек экканман,
Чеки йўқ қайғулар чекканман,
Тақдирга умримни тикканман,
Даромад истарман, даромад.
Ориму, ором деб чарчадим,
О, кўнглим-сарҳадсиз сарҳадим,
Бир қатра ишқ беринг, чанқадим,
Саловат истарман, саловат.
Йўлларда йўлчимга йўлатсин,
Ҳақдорман, ҳаққимни тўлатсин,
Ишқ мени баҳордек гуллатсин,
Тароват истарман,тароват.
Занжирлар эрк дея шақиллар,
Тасбеҳим ишқ дея шиқиллар,
Нафасим бўғзимга тиқилар,
Тиловат истарман, тиловат.
Эркакмас, мен Эркнинг ҳалоли,
Йўқ ишқдан бошқа бир малолим,
Бахтли бир аёл яса, эй, Кулолим,
Ҳарорат истарман, ҳарорат.
16.12.2023 й
Гулжамол Асқарова
https://telegram.me/dilgamaktublar