2018 йили Paris Match газетаси Париж метросидаги гиёҳвандлар ҳақида катта репортаж тайёрлайди. Репортажда олинган расмлардан бирида метрода яшайдиган уйсиз бир аёлнинг юзи кўриниб қолади. Қонунчилик бўйича фуқаронинг ёзма розилигисиз унинг расми ва маълумотларни ишлатишга ҳеч ким ҳақли эмас. Фақат жамоатчилик биладиган таниқли шахслар бундан мустасно.
У аёлни билган одамлар расмни кўриб қолиб, аёлга беришади. Расмда метродаги полиция ходимларининг, фуқароларнинг юзи яширилган, лекин нимагадир мана шу уйсиз аёл юзи очиқ қолганди. Аёл газетани судга беради. 2019 йилда судда ютиб чиқади. Газета аёлга 10 000 евро тўлашга мажбур бўлади. Газета ўз сайтидан аёл расмларини ўчиради.
Орадан олти ой ўтиб аёл ўз расмини газетанинг мобил иловасида кўриб қолади. Газета ходимлари расмни мобил иловадан ҳам ўчиришни эсдан чиқаришганди. Аёл сайтни яна бир бор судга беради ва бу сафар аёлнинг фойдасига суд нашрни 30000 евро жаримага тортади. Расм ҳамма жойдан ўчирилади.
Бу француз ОАВси учун ҳақиқий дарс бўлди. Хато қилган нашр 40000 евро зарар кўрди.
Айтганча, бизда чириган Ғарб деб эьтироф этиладиган ўша давлатларда ОАВ билан боғлиқ муаммолар суд орқали қонуний ечилади. Ҳеч ким судни мустақиллигини шубҳа остига қўймайди. Телефон орқали мониторинг босим қилмайди, материални ўчиришни сўрамайди. Гапга кирмаса турли хил идораларга суҳбатга чақирилмайди. Эркин суд, эркин матбуот, кучли фуқаролик жамиятига эга, ҳамма нарса қонун доирасида ҳал қилинадиган давлатлар тараққиётда бошқалардан бир қадам олдинда бўлишади. Улар ва Туркманистонга ўхшаган давлатлар ўртасида жарлик бўлса йилдан-йилга катталашиб бораверади.
@allaevuzb