#Яхшиям_Сен_Бор
Эриб битар соғинтирган қор,
Сепин йиғиб кетади баҳор.
Шодлигидан ғам кўп дунёда,
Қизалоғим, яхшиям сен бор.
Миннати йўқ мухаббатингни,
Қошимдасан ҳар тун, ҳар куни,
Ҳаётимнинг ёруғ ёлқини,
Қизалоғим, яхшиям сен бор.
Шеърларимнинг илк тингловчиси,
Ранжитганга шайдир қамчиси,
Ҳалитдан кўп сўрар совчиси,
Қизалоғим, яхшиям сен бор.
Кўнгли тонгнинг шабнами мисол,
Сўзларидан томиб турар бол,
Бу дунёда энг соҳибжамол,
Қизалоғим, яхшиям сен бор.
Қочиб борсам сокин маконим,
Меҳрибоним, жоним, жаҳоним,
Яшамоққа сўнги имконим,
Қизалоғим, яхшиям сен бор.
Ҳасталансам табибим зумда,
Илғар мени битта сўзимдан,
Ўлсам, йиғлаб қолар изимдан,
Қизалоғим, яхшиям сен бор.
© Малика Тавфиқ