Ҳикмат истаганга...


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


...ҳикматдир дунё.

Связанные каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


БИЗ КИММИЗ

Пекинда турк ресторанига кирдим, бу ресторанни озарилар очган экан, уйғур ходим хизмат кўрсатди бизга. Ён столда озарилар, орқа столда қозоқлар овқатланяпти. Мен бўлса бошқирдча ашула эшитиб ўтирибман. Рўпарамда уйғурча شابنام (Шабнам) ресторани. Орада бир ўрислар ҳам келиб-кетяпти.

Мен эса ҳаммасининг гап-сўзини тушуниб ҳаммасига адабий ўзбекча гапиряпман. Улар ҳам мени тушуняпти.

Ўзбек, турк, озари, уйғур, қозоқ, қорақалпоқ ҳаммасиз Пекинда бир-биримиз билан тил топишяпмиз.

Ўз юртларимизда ҳам тил топишсак бўлди.


Рус тили бир жиҳатдан империя тили ҳисобланади. Унинг рус элати билан алоқаси қисмандир. Рус тилини энг кўп тарғиб қилганлар Олтин Ўрда ҳудудини мўғул-татар таъсиридан ажратиб олишни ва унда ўз хукмронлигини легаллаштиришни истаган, келиб чиқиши немисларга бориб тақаладиган Романовлар сулоласи ҳисобланади. Француз инқилобига қадар сарой тиллари миллатни ифода қилмаган.

Бу ҳудди келиб чиқиши мўғулларга бориб тақаладиган ўзбек хонликлари расмий ишларда форс тилидан фойдалангани ёки минг йил давомида Эронда ҳукмронлик қилган туркийларнинг форс тилидан фойдаланганига ўхшайди. Покистондаги урду тили ҳам бобурийларнинг ҳумоюн (император) тили ҳисобланиб, ўрду (қўшин) сўзидан олинган ва империя сиёсий амалдорларининг тили ҳисобланган.

Шу боис, рус тилини тарғибини сиёсий доиранинг тарғиби деб тушунаман. Шунинг учун рус элати ва рус империя тилини бир-биридан ажратиб тушуниш, бирининг хатосини бошқасига хос қилиш тўғри бўлмайди.


Ушбу постни ўпка дўстингизга юбориб қўйинг 🙃


Халқаро сиёсатда ит эгасини танимаяпти. Ҳеч ким аҳдига вафо қилаётгани йўқ. Ҳамма хоҳлаган ишини қиляпти. Кучи борлар кучи йўқларни эзяпти. Кучи йўқларнинг "биз ўзлигимиздан кечиб, сен ўргатган ва талаб қилган тамойиллар асосида улғайдикку" деган ноласига ҳам қараб ўтирилаётгани йўқ. Яна буларнинг барчасини демократик давлатлар қиляпти.


Менимча реклама бериб, товарнинг нархини ёзмасдан, телефон рақамини ёзиб қўядиганлар ёлғизликдан қийналаётганлар бўлса керак.

Ахир қанча бекорчи одам телефон қилади:

— Ака, ассалому алайкум, яхшимисиз, саломатмисиз? Эълон бўйича телефон қилаётгандим. Нархи қанча бўляпти, ака?
— Фалон сўм.
— Ками борми?
— Йўқ, бори шу.
— Раҳмат. Тууут-тууут-тууут.

Кейинги қўнғироқ:

— Ака, ассалому алайкум, яхшимисиз, саломатмисиз? Эълон бўйича телефон қилаётгандим. Нархи қанча бўляпти, ака?
— Фалон сўм.
— Ками борми?
— Йўқ, бори шу.
— Раҳмат. Тууут-тууут-тууут.

Кейинги қўн....


Баъзи блогерларга ҳайрон қоламанда 🙃


ИМНЕ КЎФЕ ПАЖАЛУСТА

Бугун давлат хизмати соҳасида (агарда баъзи давлат банклари ва корхоналарини инобатга олмаса) ўзбек тилидан фойдаланишда деярли муаммо йўқ.

Бироқ, хусусий хизмат кўрсатиш соҳасида борган сари ўрис ва ўзбек тилида гаплашиш муаммоси кўпаймоқда.

Бу табиий ижтимоий жараён бўлиб. Жамият бора-бора бунга ўз ечимини ўзи ўйлаб топади.

Муаммо нимада?

Бундан 5-10 йил аввалгача жамиятнинг сердаромад, зиёли ёки ўрта даражадан юқори қатлами (яъни хизмат сотиб олувчи қатлами) асосан замонавийлик деганда ўрис маданиятини тушунар эди.

Аксар совет даврида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида кучли билим берувчи ўрис мактабларини битирган қатлам шаклланган бўлиб, илғор турмуш тарзи уларга тааллуқли эди.

Ҳатто давлат соҳаси (айниқса мудофаа тизими ҳам) Россияни ўзига ҳаддан ташқари идеаллаштириб олган эди. Қонунчиликнинг РФ қонунларини андаза олар, давлат стандартлари ва қурилиш техникаларигача тараққиёт Россия орқали кириб келар эди.

Шунинг учун ҳам хизмат сотиб олувчи қатлам, асосан русийзабон эди. Рус тилини билмаслик, илғор эмасликни англатар эди.

Бироқ, давр ўзгармоқда. Россия-Украина урушидан кейин жуда кўпчиликнинг идеали ҳам сароб экани маълум бўлмоқда.

Муҳими эса, жамиятда дунёнинг илғор ғоя ва технологияларини ўзлаштирган, IELTS, SAT каби тил ва билим малакасига эга, дунёнинг нуфузли университетлари ёки ишхоналарида ишлайдиган, сердаромад, илғор, зиёли, лекин рус тилини билмайдиган ёшлар етилиб келди.

Бунинг устига, энди рус тилисиз ҳам, вайн, тикток ёки инстаграм орқали танилган ва даромадга эришган қатлам ҳам пайдо бўлди.

Устига устак, энди миллий ўзлик тушунчасига эга илғор ёшлар ҳам кўпайди.

Қисқачаси бозор ўзгарди. Энди менюни инглиз тилида тақдим этилса ҳеч қандай шикоят бўлмайди, бироқ ўрис тилида хизмат кўрсатиш энди харидорларга мослашмасликни англатади.

Қайсарлик билан ўрис тилидан воз кечолмаган тадбиркорлар секин-аста ўзининг ўрнини янада замонавий ва харидорбоп рақобатчиларга бўшатиб бераверади.

Фараз қилинг, сиз ўз билимингиз билан Cambridge университетига Финтех йўналишига ўқишга кириб, 10 млн долларлик стартапга қўл урган ёш йигитсиз. Таътилда бекорчиликдан NOB, деган кафега кириб ўзбекча сув сўрасангиз, улар сизни менсимай, ўрисча гаплашса, сиз бўлсангиз унга CAN OYV BO'L OV WO'E, десангизу, у сизни тушунмаса...

Ўшанда уятдан ўрис тилини ўрганасизми?!


УЛАМОЛАР ДУНЁВИЙЛАШИШИ КЕРАК

XVI асрдан бошлаб Марказий Осиёда исломлашув жараёни кучайди. Дастлаб Ўзбекхоннинг Олтин Ўрдада исломни қабул қилиши ва шариатнинг давлат бошқарув асоси қилиб олиниши натижасида Дашти Қипчоқ (Украина, Шимолий Кавказ, Қозоғистон) қипчоқлари исломни қабул қила бошлади. Бу жараён узоқ — то XIX асргача давом этди.

Марказий Осиёнинг исломга қайтишида Амир Темур ва Темурийларнинг ҳиссаси ҳам катта. Амир Темур минтақадан мўғул таъсири ва яса қонунларини кучсизлантирган бўлса. Мирзо Шоҳрур Темурийлар давлатининг пойтахти сифатида бугунги Афғонистондаги туркий шаҳар — Ҳиротни ўз пойтахти сифатида танлади ва у ерда шариат қонунларини жорий қилди.

Бироқ, бу бугун кўпчилик ўйлаганидек таназзулга эмас, балки юксалишга олиб келди, ва масалан, Самарқанд дунё илм марказига айланди.

Бунинг сабаби, Темурийлар шариат қонунларининг ортидаги дунёвий масалаларни тўғри тушунган эдилар. Шунинг учун ҳам, Улуғбек Самарқанддаги дунёвий мадрасасининг пештоқига ўзининг илмий изланишларига ҳидоят бўлган оятни нақш қилди.

Темурийлардан сўнг, Шайбонийлар даврида жамиятда шариат қонунлари ва тасаввуф кучайди. Эндиликда ислом уламолари икки хил йўналишда: жиноят ва жазо масаласида қозилик, тасаввуф ва тариқат масаласида пешволик йўлидан кетишди.

Шайбонийлар давридан кейин Марказий Осиёда дунёвий масалаларни чуқур ўрганган ва уни тадбиқ этган уламолар деярли кузатилмайди.

Ваҳоланки, Биринчи Ренессанс — Тоҳирийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар даврида дунёвий масалаларни чуқур ўрганган кўплаб диний уламолар етишиб чиққан эди.

Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Маварзий, Кеший, Шоший, Фаробий, Балосоғуний, Замахшарий, Хўжандий, Низомулмулк, Ғаззолий, Мотуридий, Бухорий, Ибн Муборак ва бошқа олимлар диний уламо бўлиш билан бирга, уларнинг ҳар бири бирор аниқ, табиий ёки ижтимоий, гуманитар фанларда етук уламолар эдилар.

Уларнинг ҳар бирининг асарларини ўқисангиз, ортида қандайдир илоҳий ҳикмат турганини кўрасиз.

Бироқ, Марказий Осиёда илмнинг дин ва дунёвийга айрилиши атеист-коммунистлардан аввалроқ содир бўлганди ва унда ўзимизнинг айбимиз ҳам бор эди.

Тасаввуф ва тариқатда пешволик ҳам, қозилик масалаларига ҳам ушбу илмларнинг жамиятшунослик билан боғлиқ жиҳатлари унутилган ҳолда ўрганилди ёки ҳақиқий олимлардан ўтиб, ўзгалар қўлида қолиб кетди.

Ваҳоланки, жамиятшунос ва сиёсатшунослар билишадики Қуръон ва Суннат барча соҳалар каби жуда кўп ижтимоий масалаларга илмий ва ҳикматга асосланган, соғлом ақл билан тафаккур қилса ўз исботини топадиган масалаларни ўз ичига олган.

Масалан биргина Вадо хутбасини олинг. Унда бутун жамият ва давлатни ислоҳ қиладиган тартиб қисқа ва лўнда баён қилинган.

Зотан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га қисқа жумлалар билан олам-олам маъноларни ифодалаш қобилияти берилганди.

Масалан, Фаробий ва Ибн Сино ўзларининг сиёсатга оид асарларида Вадо хутбасидаги масалалар ортидаги ҳикматларни шарҳлаб беради.

Умуман олганда, унда шундай дейилади:

1) Нафсингизнинг ҳаққини адо этинг;
2) Аёлларнинг ҳаққини адо этинг;
3) Оиланинг ҳаққини пдо этинг;
4) Жамиятнинг ҳаққини адо этинг.

Ифротдан (ҳаддан ошишликдан) сақланинг! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга учрашларига диндаги ифротлари сабаб бўлган эди.

Юқоридаги жумлалар қисқа ва лўнда бўлиб, аслида бир-нечта докторлик диссертацияси учун мавзу бўладиган улкан ижтимоий ва сиёсий ҳикматларни ўз ичига олади. Бироқ, борми шундай тадқиқотиларимиз?

Шундай қилиб, бугун ҳам илоҳий ҳикматнинг дунёвий масалаларга оид қисмларини ўрганадиган ДУНЁВИЙ УЛАМОЛАРГА эҳтиёж сезмоқдамиз.


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Қариганда овга чиқиш ҳам осонмас.
Ҳадеб "овга чиқдингизми" деб хўрлайвермангиз!


Афанди жаҳлдор ва доим сўзининг устидан чиқадиган одам. Шунинг учун маҳаллага раис. Мана масалан, маҳаллада нотинч оиладаги эр-хотинни яраштиришга ваъда берган эди. "Сизларга уч кун муҳлат бераман, ярашсаларинг ярашиб олинглар, бўлмаса кўрасанлар", деди Афанди.
Бугун иккинчи кун. Ҳамма эртани кутяпти. Уч кун ичида ярашишмаса, Афанди нима қилар экан?!
Агар уч кунда ярашишмаса, Афанди уларни аяб ўтирмасдан яна муддат бериб-бериб ташлайди. Ахир у жаҳлдор ва доим сўзининг устидан чиқадиган одам.


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Классик таълим дастурларининг аввалида албатта Илм олиш одоби деган мавзу бўлади.

Агар ўқувчида муаллим олдида одобни сақлаш деган тушунча бўлмаса, у бераётган билимга нисбатан ҳам ҳурмат бўлмайди.

Ёки аксинча, агар илмга нисбатан ҳурмат бўлмаса, унда ўқитувчига нисбатан ҳам ҳурмат бўлмайди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам таълимда самара бўлмайди.

Энди шундай ҳолат бутун ўлка ва тизимда кундалик ҳолатга айланиб қолган бўлса-чи?! Яъни мактабларда ўқувчилар ўқитувчиларни менсишмаса, улар берган таълимни қандай менсишади?!

Агар таълим тизимининг ўзи ўқитувчини ҳурматсиз қилиш, шу билан ўқувчиларни таълимдан бездиришга қаратилган бўлса-чи, ундан қандай самара кутиш керак?!

Албатта самара бўлмайди. Шунинг учун таълимдек муқаддас вазифа муқаддаслигича қолиши, унга сиёсат аралашмаслиги керак.

Юқоридаги видео қайси мамлакатда олинганини билмадим, лекин бизда "Педагог мақоми тўғрисида" қонун қабул қилинган ва ушбу қонун барча қонунлар сингари амалда ҳаётда акс этиб келмоқда. Бизда "Нажот— таълимда" деган рост шиор билан таълим соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Фақат таълим туфайли бизнинг келгуси авлод Россияда яланғоч ерда эмаклатилмайди, балки Кипр оролларида ноутбукини қўйиб, денгизга қараб, дастурлар тузиб ўтиради.

Бироқ, видеодаги ҳолат қайси мамлакатда бўлган бўлса ҳам, агар мен ўша мамлакатда яшаганимда ва бирор иш қилиш қўлимдан келганида, албатта, таълим даргоҳининг стратегик аҳамиятини англаган ҳолда, унга сиёсатни бир қадам ҳам йўлатмаган бўлардим.

Ўзингиз ўйланг, мана шу нарсаларни кўрган-билган ўқувчида қандай қилиб таълимга иштиёқ пайдо бўлади?!

Ким мактаб ўқитувчиларини шу фойдасиз ва бесамара иш билан машғул қилиб, миллатни таълимдан совитяпти, ўша мамлакатда?!

Яхшиям биз бундай мамлакатда яшамаймиз. Акс ҳолда учинчи дунё мамлакатлари қаторидан ҳали бери чиқа олмайдиган, тўйларда ток ургандек ўйнаб, миллионни концертида на(та)ша ҳақидаги ҳазилларга кулиб, билетдан ортган пулга Иксбет ўйнаб, қарзига ўзимизни осадиган миллатга айланиб қолган бўлар эдик.


Афандининг хотини ҳеч кўнгли тинчимасди.

Бир куни Афандининг машинасига яширин камераларни қўйиб, уни кузатишга киришди. Нима деб ўйлайсиз, нима бўлган?!

Афанди ҳар куни ишга кеттим, деб аввал бир уйга, кейин яна иккинчи ва учинчи уйларга кириб чиқар экан.

Қўлга тушдингми, ярамас, деб хотини бутун маҳаллага додвой кўтарди. Маҳалла Афандидан изоҳ сўради. Афанди бўлса бамайлихотир:

— Бу воқеа ноябрь ойида бўлган, эски видео, дебди...

👉Давомини эса ўзингиз биласиз.🚗⚡


Cambridge IGCSE деган таълим стандарти бор. У халқаро миқёсда ўқувчиларнинг умумий ўрта таълим (secondary education) даражасини қанчалик муваффақиятли тамомлаганини баҳолайди.

Ушбу тизимда турли фанлар қаторида Тарих фанидан ҳам имтихон топшириш мумкин.

Зарурат тақозосидан ушбу стандарт бўйича тарих фани дарслиги ва ушбу фандан тушадиган саволларни ўрганиб чиқдим.

Биласизми, кембриджликлар тарихни ҳақиқий фан даражасига олиб чиққан экан. Улар тарихни ўқитиш ва баҳолашда, бизга одат бўлиб қолганидек, "Иккинчи чақириқ Олий Мажлис қонунчилик палатасининг йигирма саккизинчи сессияси кун тартибидаги охиридан учинчи масала нечинчи бор ўқишда қабул қилинди" деган алламбало усулдан бормайди.

Тарихни воқевларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти, бугунги кунга таъсири ва тўғри/нотўғрилиги бўйича ўқитиб, саволларда энг кам баҳони тарихий фактларни билишга беришади. Асосий нарса эса, инсоннинг тарихий маълумотларни тушуна олиши, уларнинг сабаблари ва оқибатларини била олиши, бошқа муқобил ҳолат ёки ечимлар бўлган ёки бўлмагани каби таҳлилий-мантиқий қобилиятларни билиш ҳисобланади. Ўқувчилар ана шу қобилиятлар билан тарих фанини ўзлаштиргани аниқланади.

Маблумки тарих сиёсатга хизмат қилади. Сиёсат эса ўзгаради. Тарихни сиёсат асосида ўрганганлар вақти келиб сиёсат ва манфаатлар ўзгариб кетганида ҳам, худди ҳозир коммунизм даврида тарихни ўрганганлар воқеъликка мослаша олмаётганидек, ҳаётда ўз йўлини топа олмайдилар.

Шунинг учун тарихни ўрганиш аслида манбаларни рост/нотўғрисини ажрата олиш, тарихий воқеаларнинг сабаб ва оқибатини тушуна олишни мақсад қилиши керак.

Энди, биласизми, бугун Кембридж томонидан тарихни ўрганиш бўйича йўлга қўйилган бу усул қачон пайдо бўлган?

Бунга Ибн Халдун асос солган. У ўзининг Муқаддима асарини айнан мана шу усулни кашф этишга бағишлаган.


Агар бирор маҳсулот текин бўлиб, уни харид қилиш учун пул тўламаётган бўлсангиз, демак ҳақиқий маҳсулот — сиз экансиз.

Бу фикр жуда машҳур гап. Қаердадир текин маҳсулот тарқатилаётган, giveaway нарсалар берилаётган бўлса демак буни қилаётганлар сизни товарга айлантиришган экан. Улар сизнинг танловларингиз, хоҳишларингиз, вақтингиз, қўйинки ҳаётингиздаги ҳар бир нарсани ўзлари текинга тарқатаётган нарса эвазига сотиб олаётган бўлади.

Ҳудди шу иш тартибга ҳам боғлиқ. Агар кимдир сизнинг ҳаётингизда тартиб бўлишини истамаётган экан, демак сиз кимнингдир тартибига бўйсунаётган бўласиз.

Оила институти, яъни оила хўжалиги ҳам ана шундай тартиб ҳисобланади.

Унда ота, она, фарзандлар ва бошқалар муайян тартиб — ҳуқуқ, мажбурият, эркинлик ва масъулият асосида яшайдилар.

Ҳар қандай инсоний жамиятларда бўлгани каби (бунинг энг йириги халқаро ҳамжамият, ундан сўнг давлат) энг кичик инсоний жамият бўлган оилада ҳам тартиб бўлса, у бардавом ва барқарор бўлади.

Бироқ қайсидир кучлар, манфаатдорлар оила институтини бузишга, уни тартибсиз қилишга, ҳар бир аъзосини мустақил — эркин ва масъулиятсиз — қилишга уринади.

Бундай чақириқларга алданиб, оилада тартиб бўлиши керак эмас, ҳар бир инсон ўзича яшаши керак, деган инсон, аслида кимнингдир тартибига бўйсунаётган бўлади.

Афсуски, буни ўзи англамайди, уни қисқача қилиб тушунтириб ҳам бўлмайди.


"Бу китоб ёшлар учун эмас"

Ибн Сино этика (ахлоқ) ҳақидаги китобининг муқаддимасида ушбу китоб ва мавзулар ёшлар учун эмаслигини айтади. "Ёшлар деганда, мен умрини атаётганим йўқ. Балки онги ёш, балоғатга етмаганларни назарда тутяпман. Бундай онги ёшлар ҳаёт деганда фақат ҳайвоний хоҳиш-истакларни ўйлашади. Улар учун ахлоқ мавзулари оғирлик қилади", деб тўлдиради Ибн Сино.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётда ўйнаб кулиш керак, еб-ичиш керак, шунингдек, ҳамма билганича яшаши керак, одоб-ахлоқ деган нарса йўқ, дейдиган одамларни кўрсангиз, онги ёш, оғир мантиқий-тафаккурий мавзуларни тушунмаслигини кузатасиз.

Аслида эса, этика, яъни одоб ахлоқ шунчаки санъат эмас, балки чуқур илмий-тафаккурий асосга эга фан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам, этика ва одоб-ахлоқ ҳақида қайғурадиган инсонлар илм-фан йўлидаги инсонлар ҳисобланади.

* Ибн Синонинг сўзлари Насириддин Тусийнинг "Носирнинг этикаси" китобидан олинди.


Йиллик режани бажаролмай турган оперативлар учун зўр иш. Бир ва ундан ортиқ шахсларнинг ўзаро тил бириктириб, деган моддаларга тушадиган иш. Агар оператив бўлганимда мазза қилардим 🙃


Илоҳий каломга ва ҳикматга лол қоламан.
У шундайки, у билан ёшларнинг онгига таъсир қилса бўлади.
У шундайки, у билан ёши ўтганларни тафаккурга чорласа бўлади.
Айнан унинг ўзи бадавийлар дунёқарашига мос билимни берган.
Айнан ўша сўзлар олимларга илм эшикларини очиб берган.
Ундан иршод эгалари ўзгача ҳидоят оладилар.
Ундан ҳикмат эгалари ҳикматни англайдилар.
Айни ўша кўрсатмалардан жамиятшунослар муҳим ечимларни топадилар.
Айни ўша кўрсатмалар билан руҳшунослар қалбларга таскин берадилар.
Илоҳий каломга ва ҳикматга лол қоламан.


Ибн Халдун давлат раҳбарларининг савдо ва тижорат (бизнес) билан шуғулланиши давлатни ҳалокатга олиб келишини айтади.

Чунки давлат энг катта бозордир. Давлат раҳбари бозорда талаб ва таклифга сезиларли таъсир кўрсата олиши, ундаги маълум товарларни соттириш ёки чеклаб қўйиш имкониятига эга бўлади.

Оқибатда халқнинг асосий қисми сунъий бозор шароитларида табиий ривожланиш йўлидан маҳрум бўлади.

Агар бозор спекуляцион шаклда ташкил этилган ва давлат раҳбари табиатан спекулянт бўлса, у фонд бозорларининг бир кунда қулаши ва бир кунда кўтарилиши учун етарли шароит ярата олади.

Энди савол: Трамп ва унинг ҳамтовоқлари 2-3 кунга фонд бозорини арзонлаштириб, сўнг яна кўтариш эвазига қанча даромад қилган бўлиши мумкин?


Жиноятларга жазо унинг туридан бўлса самарали бўлади

Қасосда ҳаёт бордир, деб шунга айтилади. Гарчи хун ва кечириш рағбатлантирилган бўлсада, қотилликка қотиллик билан жавоб берилиши эҳтимолининг борлиги қанчадан-қанча жиноятларнинг олдини олади.

Шу маънода, йўл ҳаракатлари қоидасини мунтазам ёки қўпол бузганларни автомобилни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш амалиёти самарали ҳисобанади. Ҳатто маст ҳолатда бошқарганни бутун умрга чеклаш тарафдориман.

Худди шу каби, ижтимоий тармоқда обрў орттириш ва кузатувчилар йиғиш мақсадида турли бузуқилик қилган жиноятчи ва ҳуқуқбузарларни ҳам маълум муддатга ижтимоий тармоқдан маҳрум қилиш, уларнинг ҳисобларини ўчириб ташлаш (яъни жиноят содир этишда фойдланилган ашё сифатида конфискация қилиш) бундай жиноятларнинг олдини олишга ва қайтарилмаслигига ҳам хизмат қилади.

Бу аслида ўша инсонни тарбиялаш ва ҳаётини бўлмағур ишлардан қутқариш каби олийжаноб ишларга киради.


Миллион насиҳат

Ким нима учун яратилган бўлса, унга ўша йўл енгил қилиб қўйилади, дейилгани бежизга эмас.

Инсон ўзининг нафси ўзига раво кўрган ишлар билан шуғулланади.

Мисол учун, сен ўз концерт ёки вайнларингда фақатгина "баклашка" ва енгил елпи ҳаётни тарғиб қилиш орқали нон топаётган бўлсанг, демак сенга фаҳш ва бузуқиликни тарғиб қилиш йўли осон қилиб қўйилган ва етиб борар манзилинг ҳам шунга мос қилиб битилган экан.

Ваҳоланки, қанчадан-қанча инсонлар эзгулик, тўғрилик ёки ижобий мавзуларда ижод қилиб ҳам сендан кам нон топаётгани йўқ.

Бу ерда халқни ва одамларни айблаш керак эмас. Халқ шуни истаяпти, деб ўзингни ҳам алдашинг керак эмас.

Шунчаки, тан ол, сенга шу маъқул ва сенга шу йўл осон қилиб қўйилган. Ахир сенга битилган манзилга ўзинг боришинг керакку.

Сенг тарғиб қилган нарсалар одатий тусга киргандан кейин, мен нима қилибман, деб ўзингни оқлама.

Сен енгил олиб тарғиб қилган нарсаларингни ҳам енгил олиб, шу ишларга қўл урган ҳар бир кишининг ортида сенинг қўлинг бор.

Зеро, Китобда ҳар бир иш ва унинг асоратлари ҳам ёзилишидан хабаринг бор.

Показано 20 последних публикаций.