Ҳамдардлик Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир Баҳодир Исо 69 ёшида вафот этди.
Баҳодир Исомов 1956 йилда Риштон туманининг Дутир қишлоғида туғилган. 1977 йилдан Риштон туманида ўрта мактабларда ўқитувчи, маданият уйида рассом, туман Маънавият тарғибот маркази раҳбари, “Фарғона ҳақиқати” газетасида адабий ходим, ФарДУ санъатшунослик кафедрасида ўқитувчи каби вазифаларда меҳнат қилган.
Баҳодир Исо мамлакат адабиётининг дарғалари назарига тушган шоирлардан бири эди. У шоир, журналист сифатида туман, вилоят, республика газета ва журналлари орқали элга танилган. “Одамлар ичидан одам изладим” (2005), “Яхшилар бор яхшиям” (2008), “Отам кутган кунлар” (2013), “Муҳаммад Юсуф” (2014), “Куй тили” (2015), “Қишлоқдаги шоир” (2016) номли шеърий тўпламлари қўлма-қўл ўқилиб, замонавий ўзбек адабиётининг дурдоналари сафидан жой олди.
Шоир ўзбек санъати ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Мамлакатимиздаги таниқли хонандалар томонидан унинг кўплаб шеър ва ғазаллари қўшиққа айлантирилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, оташин шоир Баҳодир Исонинг порлоқ хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Вилоят ҳокимлиги Баҳодир Исонинг оиласига ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.Fergana.uz|
Facebook|
Instagram|
Youtube|
X