Қуръони Карим ҳодими, фазилатли шайх, доктор Аҳмад Исо Ҳасан Маъсаровий ҳазратлари
Қуръони Карим ҳодими, фазилатли шайх, доктор Аҳмад Исо Ҳасан Маъсаровий ҳазратлари 1953 йил 1 март куни Миср Араб Республикасининг Дақаҳлия вилояти Фотиҳ Морис шаҳрида таваллуд топганлар. Шайх ҳазратларининг тўққиз нафар фарзандлари бўлиб, шулардан уч нафари «Ал Азҳар» университетини тамомлаган. Шайх Аҳмад Маъсаровий ҳазратлари Қуръонга муҳаббати билан танилган Дандит қишлоғида униб ўсдилар. Олти ёшларида қишлоқдаги мактаблардан бирида таҳсил олдилар. Мактаб мударрисларидан бири у кишидаги Қуръонни ёд олишга бўлган рағбат ва муҳаббатни кўриб, боболарига набирасини Қуръон мактабида таҳсил олишини маслаҳат берди. Ҳали 10 ёшга етмаган Аҳмад Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. Шундан сўнг қироат илмларини пухта ўзлаштириш учун шайх Муҳаммад Исмоил Абдуҳ ҳазратларининг ҳузурига бориб, орадан бироз вақт ўтгач у кишига «Имом Ҳафс» ривояти бўйича Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб, ижоза олдилар. Шунингдек, имом Нофеъдан имом Варш ривояти бўйича ҳам мазкур устозга Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб бердилар. Ўн қироат бўйича ижоза олиш учун фазилатли шайх Абдулҳаким Абдуллатиф ва шайх Муҳаммад Абдулҳамид Абдуллоҳларга Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб бердилар. Ана шундан кейин шайх Аҳмад оталари билан Қоҳирага кўчиб ўтдилар ва у ердаги Шиброл Азҳарий қироатлар институтига ўқишга кирдилар. Ўқиш асносида машҳур шайхлар ва забардаст уламолар билан учрашиб, улардан турли соҳаларда таълим олдилар. Жумладан, шайх Ҳамзоний роҳимаҳуллоҳ, шайх Муҳаммад Итр ва шайх Аҳмад Ашмунийларни айтиш мумкин.
islom uz
🔗 Тўлиқ ўқиш:
https://islom.uz/maqola/22570🌐✅
@AbdulHadiyHafiz