Сиз кўриб турган расмдаги бу антиқа найдан илк бор куй таралганда, Юлий Цезарь, Искандар Мақдуний, Доро-ю Кир сингари дунёга довруғ солган фотиҳлар ҳам дунёга келишмаган. Олимларнинг аниқлашича, суякдан ясалган бу най 3300 йиллик тарихга эга. 1964 йилда Самарқанд вилояти, Ургут туманининг Мўминобод қишлоғида яшовчи Мирзо ота Тошбоев ўз томорқасида ишлаётиб, Бронза даврига тегишли қадимий қабрга дуч келади. Қабр ичидан найдан ташқари сопол парчалари, заргарлик буюмлари ва ёш бола скелети топилади. Ҳозирда бу най Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейида сақланмоқда.