1918 йилнинг ёзида Файзулла Хўжа Москвага келиб, Бухородаги ҳолат ҳақида маълумот берди. У “халқнинг тоқат қилиб бўлмайдиган даражадаги оғир аҳволи, халқнинг эзилаётганлиги, Бухорони озод қилиш учун кураш зарурлиги ҳақида гапирди”.
Файзулла Хўжанинг бу ташрифи олдингиларидан фарқ қилар эди, учрашув жараёнида унга қатор имтиёзлар берилди, шулардан бири қурол тақиб юришга рухсат берилиши эди.Ташриф вақтида унга Бухоро Амирлигини ағдариш вазифаси юкланди.
У 1918 – йилнинг ноябрида шу мақсадда ёш бухороликлар қўмитасини тузди. Россия ҳукумати унга, амирга қарши турли тадбиларни амалга ошириши учун 155 минг рубл берди.
Шундай тадбирлардан бири маҳаллий аҳоли тушунадиган икки тил – ўзбек ва тожик тилларида китоблар, варақалар тайёрлаш бўлди. 1919 йилда Файзулло Хўжаев совет ҳукумати раҳбарларидан бири Свердловга хат ёзиб, ундан ҳам пул сўради. Файзулло Хўжаев Фрунзе ва бошқа болшевик раҳбарларини “Бухоро инқилоб ёқасида” эканлигига, “золим амирга қарши қўзғалиш учун” қизил армияни кутаётганлигига ишонтирди.Қачонки улар 1920-йилнинг 29 – августида Бухорога ҳужумни бошлашгач, бу ерда ҳеч қандай инқилоб, ҳеч қандай қўзғолон ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмаслигига ишонч ҳосил қилишди. Аҳоли шаҳар деворлари ортида бегона қўшинни кўргач, Бухорои Шариф мудофааси учун жангга киришди...
Тўрт кунлик шиддатли жанглар, бомбалашлардан кейин Амирлик қулади.
Фрунзе ўша куннинг ўзида Москвага ғалаба рапортини йўллаб: “бугун бухоролик қизиллар ва бизнинг кучларимизнинг биргаликдаги ҳаракати сабаб Эски Бухоро қалъаси қулади...Регистонда жаҳон инқилобининг қизил байроғи ғолибона ҳилпираб турибди.” деб ёзди. 5 сентябр куни Файзулла Хўжаев ватандошлари жасадларини босиб ўтиб, Бухоро марказида ташкил қилинган тантанали митингда қизил армиячиларга миннатдорчилик билдирди.
Сайфуллоҳи Мулложон, тарих фанлари доктори
• Tanatoz
@zarvaraqq