14 феврал — фалсафий ва ошиқона шеърлари билан қалбларни поклаб келаётган улкан шоиримиз Омон МАТЖОН таваллуди куни!
* * *
Бир қамар басдир фалакка, иккиси кўплик қилар,
Бир самар басдир тилакка, иккиси кўплик қилар.
Юрт учун бахш этгали минг бошли бўл, лек ишқ аро
Бир гуҳар басдир юракка, иккиси кўплик қилар.
* * *
Қайинзор қошида ўйлар йўлдошим,
Ётаман тўнкага қўйганча бошим.
Мен сукут ичраман, оқ қайин ҳам жим,
Гўё синамоқда менинг бардошим.
* * *
Оқ кўкрак қалдирғоч – кўкламдан нишон,
Вижир-вижир дея чарх урар кўкда.
Сен-чи, қалдирғочим, жавоб эт, тўхта,
Қайси қалбга баҳор элтасан шу он?!
➖ ҚУЁШ ҚИЗАРИШЛАРИ
Нечун қуёш бир қизариб оладир,
Тонгда – ерга тушганида кезиши?!
Уни балки бу куйларга соладир
Тунда қилган баъзи гуноҳли иши?!
Нечун қуёш бир қизариб оладир –
Кечқурун-да, оловланиб яноқлар?!
Энди уни бу куйларга соладир
Бизнинг куппа-кундуздаги гуноҳлар...
🪶 Омон Матжон
https://t.me/vaqt_manzili