9 феврал — неча асрким руҳу жон овозини, ишқу ҳижрон овозини, меҳру вафо овозини эшитармикин деб қалбларимизга йўллаб келаётган буюк шоир Алишер НАВОИЙ ҳазратлари таваллуд топган кун!
* * *
Кўнглунг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл,
Мендин-у кимдинки, кўнглинг истамас, озод бўл.
Гарчи сабрим уйи янглиғ, айладинг вайрон мени,
Доимо, ё Рабки, ҳуснинг мулкидек обод бўл.
Мен чекиб андуҳ ўлай, эл жони бўлсун ул Масиҳ,
Соврул, эй чархи нигун, в-эй даҳри дун, барбод бўл.
Бевафолар зулму бедодиға эрмассен ҳариф,
Эй синуқ кўнглум, агар худ шиша, гар пўлод бўл.
Туттум ўлмакдин тирилмак ҳажрида тенгдур манга,
Эмди гар бергил зилоли Хизр, агар жаллод бўл.
Чекма бошким, эмин эрмассен хазон яғмосидин,
Бу чаман ичра агар савсан, агар шамшод бўл.
Эй Навоий, олам аҳлиға чу йўқ эрмиш вафо,
Кел-у мундин нари, бекаслик била муътод бўл.
➖➖➖➖➖
* * *
Дўстлар, аҳли замондин меҳр умиди тутмангиз,
Меҳри гардун бўлсалар кўз нуридин ёрутмангиз.
Гар шоҳ ўлсун, гар гадоким, солмангиз юзига кўз,
Ёдини балким кўнгул атрофида ёвутмангиз.
Зулм ила юз чок қилғон танға гар марҳам ёқиб,
Буткарурбиз десалар ул захмларни бутмангиз.
Эл жафосининг малоли қилса ҳар дам қасди жон,
Кўнглунгизни ғайрибекаслик била овутмангиз.
Ўксуди эл майли мендин бир йўли, эй дарду ғам,
Гаҳ-гаҳи сиз бори бошимдин қадам ўксутмангиз.
Ҳажр ўтин жонимға ёқтим, кўрсангиз усрук мени,
Эмди, эй панд аҳли, дўзах ўтидин қўрқутмангиз.
Чун Навоий дашт тутти, эмди зинҳор, эй вуҳуш,
Ким башар жинсини ул Мажнун сари ёвутмангиз.
🪶📖 Алишер Навоий
https://t.me/vaqt_manzili