Стартапларда фулл-тайм фокус ва тўлиқ ўзини бағишлаш ҳақида
Айрим стартап асосчилари билан гаплашганда, уларнинг асосий иш жойлари борлиги ва улардан бўш вақтларида стартап билан шуғулланишларини эшитаман. Бошқа ҳолатларда эса, асосчиларнинг мавжуд бизнеси бўлиб, улар учун стартап қўшимча лойиҳа сифатида қаралади. Бундай стартапларнинг муваффақиятга эришиш имконияти жуда паст.
Асосчиларнинг мантиқи қуйидагича: "Ҳозир ишлаб тураман ва бўш вақтда стартапим билан шуғулланаман." Бунинг сабаби одатда иссиқ иш жойини ёки яхши маошни ташлаб кетишга қўрқиш ёки мавжуд бизнесидан узилиб қолишни истамасликдир. Бундай ҳолатларда асосчи ўзини психологик жиҳатдан ҳимояланган ҳис қилади. Унинг миясида бошқа ташвишлар ва вазифалар бор, шунинг учун стартапнинг оғриқли муаммоларини —
PMF (product-market fit) топиш, сотувни йўлга қўйиш ёки стратегик қарорлар қабул қилишни орқага суриб юборади.
Яқинда
Uber асосчиси Трэвис Каланикнинг интервьюсини эшитдим. У компанияси ишга тушган вақтда жуда кўп қонунлар бузилгани сабабли бир қатор штатларда ва давлатларда уни қамашга ордер берилганини айтди. У ҳатто "
Яқин орада қамалсам керак" деган таҳдид билан яшаган.
Мен ҳам ўзимизнинг ҳолатимизни эсладим. 2005 йили стартапимизни бошлаганимизда дўстим
Озод Молия вазирлиги ИТ бўлимида ишлар эди. Уни икки ой давомида ишдан кетишга ишонтирган эдим. 2009 йилда ҳам даромадимиз йўқ эди — навигация (Navimax) маҳсулотимиздан. Продукт қайсидир маънода тайёр эди, лекин уни сотиш учун картографияга лицензия олиш керак эди. Бу учун 4 йилдан бери ҳаракат қилаётган эдик. Шунда олдимда катта риск масаласи турган эди: навигация маҳсулотимизни сотиш ва компанияга пул олиб келиш ёки лицензияни кутишни давом эттириш.
Умуман, пулимиз қолмагани учун жуда катта рискка борганмиз. Жуда қўрққанман. Стрессга тушиб йиғлаганим ҳам эсимда. Чунки сотув бошлангандан 6 ой ўтиб, корхонамизга текширув келган. Картография агентлиги бошлиги сузлари хали хам эсимда: “
Агар давом эттирсанг камокда тирногинг тагига ток бериб улдиришади” деган эди. Агар бошқа даромад манбаимиз ва 4 йил умримизни факат шунга сарфламаганимизда, балки бу таваккалчиликка бормасдик. Балки кейинги лойиҳаларимиз ҳам бўлмасди.
Агар стартап сизнинг ягона фокусингиз бўлса, сиз ушбу муаммоларни ечишга мажбурсиз. Вақтингиз ва ресурсларингизни тикиб қўйганингиз учун ишдан четлашиш ёки лойиҳани ёпиш имконияти йўқ. Бу сизга кучли мотивация беради: сиз кўпроқ ишлайсиз, каттароқ таваккал қиласиз ва муваффақиятга эришиш учун барча имкониятларни ишлатасиз.
Шу билан бирга, баъзи ҳолатларда қўшимча иш стартап учун молиявий манба вазифасини бажариши мумкин. Асосчи бошқа ишдан келадиган даромад орқали ўз лойиҳасини дастлабки босқичда молиялаштириши мумкин. Бироқ, бу ҳолда ҳам аниқ режа ва самарали вақт бошқаруви талаб этилади.
Қўшимча иш сифатида бошланган кўплаб стартаплар узоқ вақт мобайнида муваффақиятсизликка учрайди ёки секин "
ўлиб боради". Шунинг учун тажрибали венчур фондлар фулл-тайм фокуси йўқ бўлган асосчиларга сармоя киритишни афзал кўришмайди.
@paiziev24