Гулранг
17-қисм
Сафар қилиш бу тамомила бошқа нарса экан. Саёҳат кўнгилдан ғамларни ювар, ҳаётга бўлган муҳаббатни, ўзингга бўлган ишончни оширар экан. Айниқса, дунёдаги энг меҳрибон одамларинг ёнингда бўлса.
Денгиз, турк таомлари, яшил тоғлар, ферузаранг гумбазлар, бари гўзал эди. Дадам оғзимдан чиққанини муҳайё қилар, қўлим теккан буюмни олиб берарди.
Заргарлик дўконига кириш ёдимда ҳам йўқ эди. Дадам "Юр, сенга бир нарса олиб бераман, ният қилганман", —деди. Ўша куни менга беда япроқларининг тасвири туширилган тилла занжир ва худди шунақа билакузук ҳадя қилди. Бу—илк тилла тақинчоғим эди.
Биз Тошкентга келдик, дадам Қашқадарёга кетди.
Мурод мени учрашувга чақираётган эди. Онамга айтсамми, айтмасамми деб кўп ўйладим, негадир уялдим. Мурод терма жамоага қабул қилинган бўлиб, анчагина машҳур бўлиб қолган, ижтимоий тармоқда қизлар Муроднинг биттагина изоҳини пойлаб хабарлар ёзар, футболчи билан расмга тушишни орзу қиладиганлар ҳам талайгина эди. У менга ҳеч нарса ваъда қилмаган, ўзимнинг таъбирим бўйича биз шунчаки дўст эдик.
Туркиядан келтирган энг гўзал кўйлагимни кийдим, сумкам ва оёқ кийимни ҳам мослаб танладим, отам олиб берган тақинчоқларимни тақдим. Кўзгу қошида ўзининг ўн тўққизинчи баҳорига ўтган, оппоқина, бахтиёр қиз учрашувга тайёр турарди.
Ресторан ҳашаматли, одам ҳам кўп эди. Негадир, юрагим ғаш тортди. Кетгим келарди.
—Бунча безовтаман? —деди у.
—Билмайман, худди ҳамма бизга қараётганга ўхшайди, ерга қараб жавоб бердим. Мурод улғайиб, қандайдир салобатли бўлиб қолган, бунинг устига официантдан тортиб, ошпазларгача уни бир кўриш учун мўралаб кетаётган, борган сари ҳижолат тортаётгандим.
Асосий таомлар тортилгач, митти шиша идишларда усти малина ва ялпиз япроқлари билан безатилган ширинлик келди. Емай ўтиравердим. У эса, негадир, қайта-қайта еб кўришга ундади. Митти қошиқчани ботирсам, қандайдир қаттиқ нарсага тегди. Яхшилаб қарасам, узук. Секин қўлимга олдим, унга қарадим
—Менга турмушга чиқасанми? У кулиб турар, замонавий қилиб айтаётганда қўлимни сўраётганди.
Лол эдим, нима дейишимни билмасдим. Бошимни эгиб олдим.
У буни розилик аломати деб тушунди. Назаримда, ҳаммаси бошқача бўлиши, у аввал совчи жўнатиши, бунақа тадбирлар кейин бажарилиши керак эди.
Кўнглим ғаш тортди. Ўзи хурсанд эди, аммо менга татимади.
Эртасига эса эрталабдан телефонимга суратли хабарлар кела бошлади. Барчасида Мурод ва иккимиз эдик. Юзларим оловдан ёниб кетди. Шарманда бўлгандим!
Ўқишга бормадим. Онам кўрса, ўлдиради. Ётоғимда қимирламай ижтимоий тармоқларни кузатар эканман даҳшатли хабарга кўзим тушди
"Машҳур футболчи Мурод Қиличев машҳур тадбиркор Азамат Бобоевнинг иккинчи турмушидан бўлган қизига уйланадими?"
Мен дадамни ҳам шарманда қилгандим. Кейинги хабарлар бундан ҳам қўрқинчли эди. Суратда дадам, ойим ва мен Туркияда юрибмиз.
"Азамат Бобоевнинг нечта оиласи бор? У машҳур футболчига қизини узатадими?"
Нима қилишимни билмасдим. Хабар катта тезликда инстаграм, телеграм, фейсбук ва бошқа тармоқларни тобора эгаллаб борарди. Ишга кетган онам тез қайтди. Унинг ранги оқариб кетганди. Секин, аммо таҳдидли сўради
—Расмдаги ростан ўзингми?
Нима ҳам дейман.
—Ҳа, ўзим.
—Нега менинг хабарим йўқ? Энди овозини кўтарди онам.
— Мен билмагандим, у билан шунчаки дўст эдик. Йиғлай олмаётгандим.
—Аҳмоқ қиз, қаерда кўргансан ўғил бола билан қиз боланинг дўст бўлганини?! Дўстлар шундай ҳилватда ёлғиз учрашадими?
—Ойи, ман унақа бўлишини билмадим.
Телефон жиринглай бошлади. Рақамга қараб қўрқиб кетдим. Телефонимни отиб юбордим.
—Ким?! —деди ойим, — ким?!!
—Барчин! Ичимдан йиғи отилиб чиқди.
— Телефонингни ўчир! — деди ойим буйруқ оҳангида, —ҳеч кимга жавоб берма!
Кейин ўзи бошини чангаллаб қолди.
—Дадангни шарманда қилдинг, қизим. Отангдан уят бўлди. Қизига яхши тарбия бера олмадим. Раҳмат эшиттириш ўрнига иснодга қўйдинг.
Онамнинг гаплари баттар юрагимга санчилар, одам йўқ жойларга, мени танимас ерларга қочиб кетгим келарди.
Онам энди йиғлай бошлади.
Қаердадир телефон жирингларди. Меники ўчиқ.
—Ойиии, телефониз...
Давоми бор
Феруза Салходжаева
🌸🌺🌼
https://t.me/joinchat/AAAAAFU_ki2DuwdoBGuycg