Мукаллаф иш – ибодатдир, Аллоҳнинг зикридир. Ибодат ва Аллоҳнинг зикри кўтарилгач, қалб Аллоҳга бўлган муҳаббатни бой бераркан, унинг ўрнини заифлик эгаллайди, ҳар бир ишга лоқайдлик билан қараш бошланади. Масжидлар тўла, мадрасалар илм билан нурли, закотлар бериляпти, ғаниматлар келмоқда, лекин хатар аригани йўқ, аксинча, кучаймоқда. Биз ўзимиз билан фахрланиб қолмоқдамиз. Қўлимиздаги мулк билан шодланяпмиз. Дунё молини кўпдан-кўп истаяпмиз. Агар шу тарзда давом этсак, яқин вақтда кофир қувватини тўплайди, Ислом юртлари устига юриш бошлайди. Бизда эса уларга қарши супурги кўтариб чиқишга ҳам қувват қолмайди. Силоҳий, моддий, сиёсий қувватларнинг барчаси фақат илоҳий амрларга итоат билан қўлга киради. Мусулмон илоҳий амрлардан бўйин товласа, заиф ҳолга тушади. Ундан кўра заифлар унинг устидан ҳукм юргизади. Шу боис тасаввуф мусулмонларни Аллоҳнинг амрига, муҳаббатга даъват қиладилар. Зотан, муҳаббат бўлмагунча ҳеч бир ишда зафар, ҳеч бир ишда барака бўлмайди. Қалблар бирлашмайди. Фитналар босилмайди. Сени қўлга олганлар шайтон лашкарлари эди. Сен шайтон қароргоҳларидан бир қароргоҳда сақландинг. Сени кўп азобга солдилар. Ўша қароргоҳ соҳиби дажжолнинг хизматкоридир. Унинг отаси кофир жинларнинг сардори, онасининг ҳам қонида инсон ва жин қони бирлашган эди. Онасининг отаси одам, онаси эса девлардан бўлган. Шу тариқа жин ва одам наслидан мана шундай кофир туғилди. У шайтоннинг вазирларидан бири, дажжол ҳузуридаги уч юз иблис кенгашининг аъзосидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келишларидан аввал жинлар осмонларга чиқиб юришарди. Лавҳул маҳфуздан осмонга ер юзидаги бир йиллик ҳодисалар хабари туширилади. Еттинчи қават осмонда фасод ишлар, олтинчи қаватда солиҳ ишлар, бешинчи қаватда урушлар, тўртинчи қаватда муждалар, учинчи қаватда кўнгилхушликлар, иккинчи қаватда илмлар ҳақидаги хабарлар сақланади. Фаришталар у битикларни ўқиб муҳокама қилишади, бир-бирларига хабар берадилар. Жинлар фаришталар атрофида айланиб уларнинг гапларига қулоқ тутардилар. Гапларни чалакам-чатти эшитиб олгач, ердаги шериклари – сеҳргарлар, фолбин, раммолу коҳинларга хабар бергани учишарди, шунда фаришталар бирорта юлдузни олиб уларга отардилар, ўзбошимча жинлар хабарларни бошқасига етказиш учун бақириб қоларди, юлдуз эса унга келиб тегар, уни ўлдирарди. Шу тариқа ер юзига айрим ғайб хабарлари етиб келиб қоларди. Расулимиз, набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишлари билан осмон эшиклари беркитилди. Шайтонлар эсини йўқотдилар. Иблис Азозил мотам тутди. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дажжолни туттириб Қоф тоғига занжирбанд қилдирдилар. Аммо дажжол ҳеч лаҳза тўхтамади. У Ер юзини фасодга тўлдирмоқ учун ўзининг ёрдамчилари ҳамда шайтон билан бирга ҳаракат қиляпти. Бу ҳақиқатларнинг барчаси Аллоҳнинг валийларига аён. Улар кечаларию кундузлари ана шу ёвузликлар билан жанг қиладилар. Уларнинг кўзга кўринмас жанглари зоҳирий жанглардан кўра шиддатлидир. Аллоҳнинг авлиёлари Аллоҳнинг мужоҳидлари, ғозийларидир. Уларнинг тақвоси, ибодати, ҳоли, мақоми шайтон ва жинларни пароканда қилади, шайтон ва жинлар билан ўралган, нафсларига қул бўлганларни тарбиялайди, осийларини қўрқитади. Денгиз! Сен Хористонга қайтасан. Сен у ердаги ўлкада шайтон зулмини ер билан яксон қилмоғинг шарт. Хористон мустабиди ҳукмдор тушида бир чақалоқ уни йўқ қилишини кўрган эди. Ўша чақалоқни излаб минглаб гўдакларни сўйдириб юборди. Хористон халқи кутган нажоткор балки сен бўлсанг, не ажаб. Асрлар давомида шайтон зулми остида қолганларни қутқар. Қандай қутқариш ҳақида сенга айтиб бераман. Ҳар қандай жангларда истеҳком, қалъалар ичидан очиб берилмаса, ташқаридан бузиб кириш деярли имконсиздир. Инсон ҳам бир қалъадир. Унинг ичига бузиб кириш ичдан бўлган хиёнатдан сўнг амалга ошади. Инсон нафсига қул бўлса, нафс шайтонга барча эшикларни очиб беради. Хористон халқини зулмдан халос қилмоқ учун уларга нафси тарбияланган комил йўлбошчи керак. Сўнг у йўлбошчи халқни тарбиялайди. Йўлбошчи фақат Ҳақ сўзини олий қилмоқ учун курашади. У бу йўлда асло ортга чекинмайди. Унинг учун ёлғиз Ҳақнинг Ўзи Дўст.