Она соғинчи
4.
Поездда беш кун юриб, Россиянинг Челябинск шаҳрига етиб келдик.Бу орада, хамроҳларим билан яқиндан ҳам танишиб олдим. Ротамизда ўзимга ўхшаган ўзбек болалар ҳам анчагина экан. Дўстлашиб, қадрдонлашиб кетдик. Улар орасидаги икки йигит ҳақиқий дўстимга айланди.
Биринчиси Анваржон эди. Каравотларимиз ёндош, ошхонада ҳам,, ўқув машғулотларидаям, ҳарбий тайёргарликдаям бирга юрардик. Анваржон онасининг ёлғиз ўғли экан. Эрка ўғил. Синггиллари бор экан. Онасидан кунда-кунора хат келиб турарди.Бу хатларни у... каравотида ўзбекчасига чордона қуриб ўтирган ҳолда бамайлихотир ўқирди.Баъзи жойларини овоз чиқариб.
-Қара, Наврўз, онам содда-да, ўрис қизлардан эҳтиёт бўл дебдилар,- у хахолаб кулади.-Биз частдан чиқмасак, уларни қаердан кўрардик. барибир яхши кўраман-да, энамди
Сўнгра тумбочкасининг энг тепасидаги ғаладонга дасталаб қўярди.Сўнгра ўтириб соатлаб жавоб ёзарди. Унга жуда ҳавасим келарди. Орадан олти ойлар ўтиб, жуда қалинлашиб кетишгач, бир куни юрак ютиб ундан илтимос қилдим.
-Анваржон, онангдан келган хатларни ўқиб кўрсам майлими?
Менинг ота-онам йўқлигини, ака-опаларимдан эса онда-сонда хат келишини биларди. Мунғайиб турганимни кўриб, рози бўлди.
-Ана, тумбочкада турибди. Ўқийвер.
Ўша куни дам олиш куни эди. Ўтириб ҳамма мактубларни ўқидим. Булар Анварга аталган хатлар эди. Лекин гўё менга аталгандек, менга атаб, ойим ёзганга ўхшарди.
"Анваржон болам, ҳали бир ой бўлмасдан, сени соғиниб қолдик. Укаларинг ҳам, сингилларинг ҳам сени сўрашаяпти. Иложи бўлса ҳарбий кийимда расмга тушиб, жўнатгин болам. Соғинсак, кўриб юрамиз".
" Анваржон, ўғлим. У томонлар совуқлигини биламан. Қалинроқ кийиниб юргин-а, хўпми. Шамоллаб қолмагин тағин. Шамоллаб қолсанг, кўпроқ саримсоқ, хом пиёз егин, грипни очади".
"Анваржон, холангнинг қизига сени фотиҳа қилиб қўймоқчимиз, нима дейсан. Ўзинг билган, ўзинг севган қиз-ку. Совчилар келяптийкан. Бошқа биров илиб кетмасин дейман-да"
Хатларини ўқияпману, ҳузурланиб кетяпман. Мана, оналар қанақа бўларкан дейман. Меҳрибон, куюнчак, ғамхўр...
Ўша куни дўстимнинг ҳамма хатларини ўқидим. Кўнглим кенгайиб кетди. Хурсанд эдим. Агар онам тирик бўлганларида, менгаям шунақа хатлар ёзган бўлардилар.... "
Хаёлимни дўстим Фарҳод бузди.
-Ҳа, ошна, нима қилиб хаёлга ботиб ўтирибсан қари чоллардек, тинчликми?
-Тинчлик, шундай ўзим. У менинг бир даста мактубни ўқиб чиққанимни кўриб, имо қилди,
-Шунча хат келдими, сенга? Роса омадинг бор йигит эканку-сан.
-Ээ, қаёқда? Анваржонга онасидан келган хатлар. Ўқиб ҳавасим келди. Мениям онам тирик бўлсалар эди.... - гапимни тугата олмадим.
-Онангнинг йўқлигига шукр қил. Тирик бўлиб ташлаб кетса нима қилардинг?
-Ааа? Тушунмадим.
-Тушунмайсан-да, дунёдаги ҳамма оналар шунақа яхши деб ўйлайсан-да. Разолатга ботганлври, оналик номига нолойиқлари қанча уларнинг.
Мен унинг ҳаётидан бехабар бўлганим учун, эътироз билдирдим.
-Нега унақа дейсан? Онам тирик бўлганларида, бундан яхшироқ хатлар ҳам ёзган бўлардилар. Менам уни бошимга кўтариб юрган бўлардим.
Менинг хафа бўлганимни кўриб, ўз гапини изоҳлашга уринди.
-Юр, сенга гапим бор,- биз етаклашиб ўқув залига ўтдик.
-Менинг онам беш бола билан дадамни ташлвб кетган. Дадамнинг айби камбағаллиги. Онам кетганида кенжамиз икки ёшда эди. Ўлмадик, яшаяпмиз. Қандайдир пулли бирини деб, беш боласини, оиласини қурбон қилди. Балки энди пули бордир, машинаси бордир, чиройли кўйлаклари бордир, аммо биздай болалари йўқ энди. Қайтиб келса, ҳовлига киритмайман
Унақа дема, барибир онанг-ку. Балки отанг жабр қилгандир, балки ҳаётидан норози бўлгандир...
-Норози бўлганмиш... Бешта болани бунёд қилишибдими, болалар учун масъул бўлишлари керак эди. Ўзи учунмас, болалари учун яшаши керак эди. Ё гвпим нотўғрими.
Мен Фарҳодни яхши танийман, гапинг нотўғри десам ҳам, тўғри десам ҳам ўзиникини маъқуллайди. Ҳаёт ҳақида ҳамманинг тушунчаси ҳар хил. Ҳар кимнинг қаричи ҳар хил бўлганидек, дунёқараши ҳам ҳар хил. Нимаям деймиз...
Давоми бор.
Раъно Умидбахш.
15.11.2024
🌎
https://t.me/Ranoumidbaxsh⭐️
https://www.youtube.com/@Rano_Umidbaxsh