32. Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир.
Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар», дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Чунки:
«Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир».
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни барча фоҳиша ишлар ва ёмон йўллардан қайтарган. Энди ҳам фоҳиша иш, ҳам ёмон йўл бўлган зинодан қайтармоқда. Мўмин-мусулмонлар бу ишнинг нақадар хатарли эканини тушуниб етмоқлари ва ундан қайтмоқлари лозим.
Уламоларимиз зинодан қайтариш ҳақидаги ушбу оятни, олдинги фарзандларни ўлдирмаслик ҳақидаги оятдан кейин ва ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарган оятдан олдин келиши бежиз эмас, деган фикрни олға сурганлар. Чунки, зино ҳалол-пок йўл билан сарфланса, фарзандлар пайдо бўладиган моддани беҳуда, ҳаром йўлда сарф қилишдан иборатдир.
@Ramazon❤️