Омон Матжон
ТУРҒУНЛИК ЙИЛЛАРИ ДОСТОНИ
Дунёга синчиклаб тикилган кўзлар,
Мушкул бир ҳолатни пайқашга тушди.
Қай томонга боқманг – бари йўлсизлар,
Толелар айқашу уйқашга тушди.
Етмиш йил эл яшаб Қуръон, Тавротсиз,
Эрлар ночор қолди, аёл авратсиз,
Замон дурадгори асбоб – яроқсиз,
Илма-тешик томни ямашга тушди.
Қор қора ёғмоқда, ёмғир заъфарон,
Дарёлар ўрнида оқмоқда армон,
Ҳар подшо ўзича чиқариб фармон,
Қолганлар бир-бирин булғашга тушди.
Ёқиб бўла келдик газни кўмирни,
Зимистон айлаймиз тез Она ерни.
Кўк ютар бундайин улкан қабрни,
Одамнинг сояси қуёшга тушди.
Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,
Қонун шуларники, шуларда қолип,
Энг катта айбдор бир ёқда қолиб,
Жазони бошқалар ўташга тушди.
На майхона қолди юртда, на меҳроб,
На муқаддас қаср, на азиз китоб.
Не-не олтин бошлар кўролмай офтоб,
Надомат тунида мудрашга тушди.
Ҳайронман сен ўзбек деган миллатга,
Ерингни тўлдирдинг мараз, иллатга,
Не жавоб айлайсан бундай кулфатга,
Қара, пойдеворинг нурашга тушди.
Қани элни яктан этган донолар?
Қани уй файзини тутган момолар?
Қани бирлаш, тиклан деган нидолар?
Ғафлат оғусими ё бошга тушди.
На шомда ишинг бор, на тонгда ёдинг,
Ароқ уйқу бўпти бор эътиқодинг.
Жаҳон саҳнасида ўчмакда отинг,
Номингдан бошқалар сўзлашга тушди.
Кўкда йўқ Улуғбек очган юлдузлар,
Кўҳна Урганчингни емоқда тузлар,
Ер ости конларинг бегона кўзлар,
Излаб, ковлаб, ташиб гизлашга тушди.
Нечун қоралайсан сен ўз ўтмишинг,
Амир ҳам ўз кишинг, хон ҳам ўз кишинг,
Кўрарманми сенинг униб-ўсишинг,
Нечун парвоналар оташга тушди?
Бойқаронг қотилмиш, Темуринг хунхўр,
Мангубердинг зобит, хор, манглайи шўр,
Не хароб миллатсан, борми бирон зўр?
Устунлар тикланмай қулашга тушди?!
Жаннат Ўзбекистон, жаннатинг қани?
Шунча меҳнат қилдинг, меҳнатинг қани?
Сиғинган, суянган давлатинг қани?
Ҳар дайди ит сени талашга тушди.
Ҳеч ким ўз молига қўёлмас баҳо,
Бор-йўғимизни билмайди дунё.
Ҳеч кимдан сўраймай, нетмай не юҳо,
Бу юртдан қурбонлик сўрашга тушди.
Ўзинг бўлсанг эдинг, ўзингга қози,
Ҳар оғир, енгилга бўлардик рози.
Етти ётлар қўйиб носоз торози,
Оқу қорангни каж ўлчашга тушди.
Билганинг, кўрганинг пахта бўлибдир,
Ақлинг, тафаккуринг ахта бўлибдур.
Юз сариқ, жигаринг сўхта бўлибдир,
Наслинг шажараси мудрашга тушди.
Бобом оқ либосга текизмасди доғ,
Замон гулдурсини, эй Раъно ўртоқ!
Сен элдинг дилига солмоқ бўлдинг боғ,
Ўз қўлингни кимлар боғлашга тушди.
Ўзинг, элинг, тилинг нақд сотган ким у?
Бир танда уч сотқин яшагани шу.
Буни шараф билиб нечалар ёҳу,
Даврондан мукофат тилашга тушди.
Давр деворида Қодирий қони,
Шимолга қулади жануб Чўлпони.
Заҳар ичди биллур жом тутган Усмонинг,
Қонли базм соқийсин сўрашга тушди.
Хўш, бугун-чи йўқми ҳеч покгина жон,
Ўн жойда хатланди бир Омон Матжон.
Ким у ҳар сўқмоққа қўйиб минг қопқон,
Ҳар йўлни ким обдон боғлашга тушди.
Киммиш, ўзимизнинг улар – палидлар,
Улар ўзимизнинг Абдулатифлар.
Юлдузлар таъмидан бебаҳра итлар,
Ойни ялоқ қилиб увлашга тушди.
Ким эмиш, барин гоҳ сотган ўзингсан,
Бир-бирингни ғажиб ётган ўзингсан.
Ким бош тикласа тош отган ўзингсан,
Охир ўз бошинг ҳам шу тошга тушди.
Келди Маҳтумқули айтган бир замон,
Унутди яхшилик сўзини ёмон.
Оврупалашмоқда қурт билан илон,
Филлар пашша билан савашга тушди.
Илм бу аслида Тангрининг нури,
Ҳаммага тенг аён эмасдир сири.
Кўпни олим этиб қамчининг зўри,
Шогирд устоз билан курашга тушди.
Кимнинг эри қаттол, кимнинг аёли,
Шундан бир-бирида эмас хаёли.
Ром этиб ўткинчи тулпорнинг ёли,
Кўпларнинг кўзлари ўйнашга тушди.
Азиз нимамиз бор аёлдан бошқа,
Куйиб бўлсалар-да ишда, қуёшда.
Нечун кирмакдалар яна оташга,
Қандай шармандалик бу бошга тушди.
Тортилиш кучидан собитдир олам,
Қуёш теграсида сайёралар жам.
Аслида меҳрдан яралган одам,
Бурч юкидан бўйин товлашга тушди.
Инсон бир туғилар, қайта туғилмас,
Азал бунёдкори қайта уринмас.
Асли рост нарсалар қайта қурилмас,
Ахир ўт бошқаю, сув бошқа тушда.
Не кўрдинг Сталин бўлганда отанг?
Не берди довдирфеъл алкаш Никитанг?
Гўё Брежнев ҳам сенинг ўз хатоинг,
Тирноғингни кимлар ковлашга тушди.
ТУРҒУНЛИК ЙИЛЛАРИ ДОСТОНИ
Дунёга синчиклаб тикилган кўзлар,
Мушкул бир ҳолатни пайқашга тушди.
Қай томонга боқманг – бари йўлсизлар,
Толелар айқашу уйқашга тушди.
Етмиш йил эл яшаб Қуръон, Тавротсиз,
Эрлар ночор қолди, аёл авратсиз,
Замон дурадгори асбоб – яроқсиз,
Илма-тешик томни ямашга тушди.
Қор қора ёғмоқда, ёмғир заъфарон,
Дарёлар ўрнида оқмоқда армон,
Ҳар подшо ўзича чиқариб фармон,
Қолганлар бир-бирин булғашга тушди.
Ёқиб бўла келдик газни кўмирни,
Зимистон айлаймиз тез Она ерни.
Кўк ютар бундайин улкан қабрни,
Одамнинг сояси қуёшга тушди.
Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,
Қонун шуларники, шуларда қолип,
Энг катта айбдор бир ёқда қолиб,
Жазони бошқалар ўташга тушди.
На майхона қолди юртда, на меҳроб,
На муқаддас қаср, на азиз китоб.
Не-не олтин бошлар кўролмай офтоб,
Надомат тунида мудрашга тушди.
Ҳайронман сен ўзбек деган миллатга,
Ерингни тўлдирдинг мараз, иллатга,
Не жавоб айлайсан бундай кулфатга,
Қара, пойдеворинг нурашга тушди.
Қани элни яктан этган донолар?
Қани уй файзини тутган момолар?
Қани бирлаш, тиклан деган нидолар?
Ғафлат оғусими ё бошга тушди.
На шомда ишинг бор, на тонгда ёдинг,
Ароқ уйқу бўпти бор эътиқодинг.
Жаҳон саҳнасида ўчмакда отинг,
Номингдан бошқалар сўзлашга тушди.
Кўкда йўқ Улуғбек очган юлдузлар,
Кўҳна Урганчингни емоқда тузлар,
Ер ости конларинг бегона кўзлар,
Излаб, ковлаб, ташиб гизлашга тушди.
Нечун қоралайсан сен ўз ўтмишинг,
Амир ҳам ўз кишинг, хон ҳам ўз кишинг,
Кўрарманми сенинг униб-ўсишинг,
Нечун парвоналар оташга тушди?
Бойқаронг қотилмиш, Темуринг хунхўр,
Мангубердинг зобит, хор, манглайи шўр,
Не хароб миллатсан, борми бирон зўр?
Устунлар тикланмай қулашга тушди?!
Жаннат Ўзбекистон, жаннатинг қани?
Шунча меҳнат қилдинг, меҳнатинг қани?
Сиғинган, суянган давлатинг қани?
Ҳар дайди ит сени талашга тушди.
Ҳеч ким ўз молига қўёлмас баҳо,
Бор-йўғимизни билмайди дунё.
Ҳеч кимдан сўраймай, нетмай не юҳо,
Бу юртдан қурбонлик сўрашга тушди.
Ўзинг бўлсанг эдинг, ўзингга қози,
Ҳар оғир, енгилга бўлардик рози.
Етти ётлар қўйиб носоз торози,
Оқу қорангни каж ўлчашга тушди.
Билганинг, кўрганинг пахта бўлибдир,
Ақлинг, тафаккуринг ахта бўлибдур.
Юз сариқ, жигаринг сўхта бўлибдир,
Наслинг шажараси мудрашга тушди.
Бобом оқ либосга текизмасди доғ,
Замон гулдурсини, эй Раъно ўртоқ!
Сен элдинг дилига солмоқ бўлдинг боғ,
Ўз қўлингни кимлар боғлашга тушди.
Ўзинг, элинг, тилинг нақд сотган ким у?
Бир танда уч сотқин яшагани шу.
Буни шараф билиб нечалар ёҳу,
Даврондан мукофат тилашга тушди.
Давр деворида Қодирий қони,
Шимолга қулади жануб Чўлпони.
Заҳар ичди биллур жом тутган Усмонинг,
Қонли базм соқийсин сўрашга тушди.
Хўш, бугун-чи йўқми ҳеч покгина жон,
Ўн жойда хатланди бир Омон Матжон.
Ким у ҳар сўқмоққа қўйиб минг қопқон,
Ҳар йўлни ким обдон боғлашга тушди.
Киммиш, ўзимизнинг улар – палидлар,
Улар ўзимизнинг Абдулатифлар.
Юлдузлар таъмидан бебаҳра итлар,
Ойни ялоқ қилиб увлашга тушди.
Ким эмиш, барин гоҳ сотган ўзингсан,
Бир-бирингни ғажиб ётган ўзингсан.
Ким бош тикласа тош отган ўзингсан,
Охир ўз бошинг ҳам шу тошга тушди.
Келди Маҳтумқули айтган бир замон,
Унутди яхшилик сўзини ёмон.
Оврупалашмоқда қурт билан илон,
Филлар пашша билан савашга тушди.
Илм бу аслида Тангрининг нури,
Ҳаммага тенг аён эмасдир сири.
Кўпни олим этиб қамчининг зўри,
Шогирд устоз билан курашга тушди.
Кимнинг эри қаттол, кимнинг аёли,
Шундан бир-бирида эмас хаёли.
Ром этиб ўткинчи тулпорнинг ёли,
Кўпларнинг кўзлари ўйнашга тушди.
Азиз нимамиз бор аёлдан бошқа,
Куйиб бўлсалар-да ишда, қуёшда.
Нечун кирмакдалар яна оташга,
Қандай шармандалик бу бошга тушди.
Тортилиш кучидан собитдир олам,
Қуёш теграсида сайёралар жам.
Аслида меҳрдан яралган одам,
Бурч юкидан бўйин товлашга тушди.
Инсон бир туғилар, қайта туғилмас,
Азал бунёдкори қайта уринмас.
Асли рост нарсалар қайта қурилмас,
Ахир ўт бошқаю, сув бошқа тушда.
Не кўрдинг Сталин бўлганда отанг?
Не берди довдирфеъл алкаш Никитанг?
Гўё Брежнев ҳам сенинг ўз хатоинг,
Тирноғингни кимлар ковлашга тушди.