Ярим тун
Юрагим ён бағрига ҳижронлар ёнбошлади.
Энтикиш ёнбошлади, армонлар ёнбошлади.
Севгим ўша висоллар менга ҳаёлий эртак
Энди аввалги тикка имконлар ёнбошлади.
Ёнбошлади соғинчлар, ёна бошлади бардош.
Ён бердим ҳаёлларга, ёна бошлади кўз ёш.
Қайлардасан дилпорам, аҳволинг не эй дилдош?
Сенсизликдан дилимга исёнлар ёнбошлади.
Қизғалдоқ қаҳри келиб ранг берди кўзларимга.
Йиллар олиб зарларим, занг берди сўзларимга.
Ҳаётнинг бу йўллари чанг берди изларимга.
Менинг кўнгил шаҳримда райҳонлар ёнбошлади.
Елкамга алам ортиб кетайми энди севгим?
Байтга , байтимни сотиб кетайми энди севгим?
Бошимга тупроқ тортиб кетайми энди севгим?
Ҳол шуки, қалбга кесик пайконлар ёнбошлади.
Ҳаёт кўниктираркан ўзи берган оғриққа.
Боғланиб қоларкансан умри сенга боғлиққа.
Сен ёт ёрнинг ёнида ёнбошлайсан ёстиққа.
Ярим тун...
Дилга ғалат...
гумонлар ёнбошлади.
Хушнуд Дарвеш