Ҳайит намозининг ўқилиш тартиби
Икки ҳайит намози бизнинг мазҳабда вожибдир. Баъзи машойихларимиз суннати муаккада ҳам дейишган. ал-Жомеу-с-сағирда суннат дейилган. Чунки, унинг вожиблиги Китоб (Қуръон) орқали эмас, балки Суннат билан собит бўлган.
Жума намози фарз бўлган одамларга икки ҳайит намозини ўқиш вожиб саналади.
Ҳайит намозининг вақти зуҳо намозининг вақтидир. Яъни, қуёш бир (ёки икки) найза бўйи чиққандан бошлаб, заволдан бироз олдингача бўлган вақтга қадар ўқиш мумкин.
Ҳайит намози худди жума намози каби жамоат билан икки ракъат ўқилади. Аммо, азон ва иқомат айтилмайди.
Агар ҳайит намозига улгуролмай қолган бўлса, ёлғиз ҳолда ўқимайди. Балки, сал кечроқ ўқиладиган бошқа жойда ўқишга улгуролса бошқа масжид ёки мусаллога бориб жамоага қўшилиб ўқийди.
Ҳайит намозида завоид такбирларини айтиш вожибдир. Булар намоз такбирларига қўшимча такбирлар бўлгани учун завоид (қўшимча) такбирлар деб аталади.
Биринчи ракъатда, намозга "Аллоҳу акбар" деб такбири таҳрима билан бошлаб, санони ўқигандан сўнг, имом кетма-кет уч марта такбир айтади. Намозхонлар ҳам имомга эргашадилар. Мазкур такбирларнинг ҳар бири рафъул ядайн яъни, қўлни қулоқ баробарида кўтариб-тушириш билан амалга оширилади.
Ҳар бир такбир орасида имом уч марта субҳоналоҳ дейдиган миқдорда тин олади. Ёки, унга эргашган намозхонлар такбирни айтиб оладиганчалик вақт тин олади. Чунки, имом такбирлар орасини улаб, тез айтиб юборса, намозхонлар чалкашиб қолиши мумкин.
Имом ҳар бир такбир орасида махфий тарзда "субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳи вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар" дейиши ҳам мумкин.
Завоид такбирлар айтилаётганда қўллар боғланмай, икки ёнга эркин туширилади.
Мазкур учта завоид такбирларини айтгандан сўнг, қўллар боғланиб, имом қироатни бошлайди. Сўнгра рукуга кетади, рукудан туради ва икки сажда қилади. Сўнг, иккинчи ракъатга турганда дастлаб (завоид такбирларни айтмасдан) қироат бошлайди. Қироатдан сўнг, завоид такбирларини аввал айтилган тартибда амалга оширади. Сўнгра, рукуга кетади.
Демак, биринчи ракъатда завоид такбирлар санодан сўнг, қироатдан аввал айтиб олинса, иккинчи раъкатда қироатдан кейин яъни фотиҳа ва зам сура ўқилгандан кейин айтилади. Бунинг сабаби, ҳар ракъатдаги қироатлар ораси уланиши ва кетма-кет бўлиши учундир.
Агар имом, намознинг бошида қўшимча такбирларни айтишни унутиб, қироатга бошлаб юборса, ва шу аснода эсига тушиб қолса, завоид такбирларни айтиб, сўнгра қироатга қайтади. Бордию, қироат қилиб бўлгандан сўнг эсига тушиб қолса, завоид такбирларга қайтмай рукуга кетади.
Агар маъмум (имомга эргашиб намоз ўқувчи) биринчи ракъатга имом қиёмдалик ҳолатида етишган бўлса, намозга қўшилиши билан завоид такбирларини ўзи айтади, гарчи имом қироат қилаётган бўлса ҳам.
Агар, маъмум завоид такбирларни айтишга улгурмасдан имом рукуга кетиб қолса, рукудалик ҳолида рафъул ядайн қилмасдан завоид такбирларни айтади.
Агар, намозхон биринчи ракъатга улгурмасдан иккинчи ракъатга етиб келган бўлса, имом салом бергач ўрнидан туриб, улгурмаган ракъатини ўқиётганда қироатдан сўнг айтади мазкур такбирларни.
Ҳайит намозини ўқиб бўлгач, имом икки хутба қилиши суннатдир. Хутба учун минбарга кўтарилганда хутбадан аввал имом ўтирмайди. Чунки, жулус муаззиннинг азонни айтиб бўлишини кутиш учун жорий бўлган. Ҳайит намозида эса азон айтилмайди. Шу боис, хутбани бошлашдан аввал ўтирилмайди. Балки, хутбалар орасида қисқагина муддатга ўтиради холос.