Талабалик олтинмас даври
Норозилик кайфияти талабаларга ҳос ҳислат. Аммо бундай кайфиятга берилиб, фурсатни бой берилаётганини кўришмайди.
Кимдир таътилнинг чўзилиши ёки масофали машғулотлардан арз қиляпди (Албатта асосли арз! Таълим муҳити, амалий машғулотлар, бевосита мулоқот, тажрибалар, қўлланмаларни кузатиш ва қўл билан ушлаш ниҳоятда муҳим. Аммо ҳозир таътил чўзилишининг ўзига муносабат билдирмоқчи эмасман).
Кимдир муассасанинг ёмонлигини айтиб, “диплом учун”, “ота-онамни тинчлантириш учун” табалалик даврини ўтаётганини айтяпди. Институтга қатнаш шартмасмиш, ҳамма нарса интернетда бор дейди... Бу ғалати ва ўта хатарли миф ҳақида алоҳида мақола ёзишга тўғри келган.
Талабалик бу муассаса маконида бўлишгина эмас, талабалик бу ВАҚТ.
Таътилга тушиб қолдингизми, ёки сифати паст муассасадмисиз, барибир талабасиз.
“Эртаю кеч нима қиляпсан ўзи?”
“Китоб ўқияман, дарс қиляпман.”
“Ҳа, ўқи-ўқи... студент.”
“Эртаю кеч нима қиляпсан ўзи?”
“Китоб ўқияман, дарс қиляпман.”
“Ия, ким ишлайди? Студентлик пайтида ўқиш керак эди... Энди бўш вақтингда ўқийсан. Ҳозир оиланг/иш/иш топиш вазифаларинг турибди.”
Фарқини кўряпсизми?
Талабалик сизни Жамият маълум муддатга тинч қўйганини англатади. У муддатни куч бериб илм олишга берилади.
Таътилдамисиз? Устозларга боғланиб, адабиёт сўранг. Зарур китобларни босиб ўқинг. Ўқув соҳангиз бўйича ютуб маърузаларини кўриб, конспект ёзинг.
Масофали таълимга ўтказилдими? Максимум фойдаланинг, амалий кўргазмалар етишмаётган бўлса устозларингиз билан боғланиб, қонуний йўлларини ахтаринг. Топасиз. Мақсад қўйиб, ўйлаб ҳаракат қилиш керак холос.
Ёмон муассадамисиз? Ўқинг-ўқинг-ўқинг. Ютуб ва бошқа интернет платформаларида тиқилиб ётган материаллардан фойдаланинг. Қўлланма масалаларни ечинг. ОТМнинг ёмонидаям яхши устозлар топилади. Учрашиб туринг, сухбатлашинг, ўқув жараёнини яхшилаш бўйича фикр алмашинг. Интернетда қимматли контент кўплиги рост, аммо уларни танлаш ва ўзлаштириш масаласи фақат мулоқот орқали амалга ошади. Ижтимоий тармоқларда илмий гуруҳлар қилиб, унга мутахассис мураббийларни жалб қилинг. Керак бўлса кафедра мудирига мурожаат қилинг. “ОТМ – ёмон” бу келажак учун ишламасликка, вақтни зое қилишга баҳона эмас.
Билим олиш фақат талабалик даврида бўлади, демоқчимасман.
Талабалик даври фундаментал маълумот ортириш ва фундаментал таълим кўникмаларини ҳосил қилишга берилади. ОТМни битиргач бутун умр мевасини йиғасиз, ривожланиш учун ўқиш ҳам сиз учун одатий ҳаёт тарзига айланади.
Талабалик олтин даври эмас. Талабалик олтин йиғиш учун йўлга чиқиш даври.
Ақл билан бу вақтдан фойдаланинг.
Жамшид Муслимов
@subnazar