ХОНГА СУИҚАСД УЧУН САККИЗ МИНГ ТАНГА
Тарихдан маълумки, Бухоронинг аштархоний хонларидан айримлари ҳукмронлигига суиқасд натижасида чек қўйилган. Мазкур сулоланинг йирик вакилларидан бири бўлган ислоҳотчи хон – Убайдуллахон (1702-1711) ўлими билан боғлиқ воқелар замондош тарихчи Мир Муҳаммад Амин, Абдураҳмон Давлат, кейинги асрларда яшаган Садри Зиё ва Мирза Салимбеклар асарларида деярли бир хил, шу билан бирга, бир-бирини тўлдирувчи маълумотлар асосида ёритилган.
Хоннинг укаси Абулфайзхон фитначи амирлар қистови натижасида Убайдуллахонни тахтдан ағдариш ишига бош қўшади. Шу масалага масъул сифатида саройда юқори мавқега эга бўлган меҳтар Кобулий Абулфайзхоннинг розилиги билан суиқасд тадбирларини ташкил қилади. У қалмоқлар етакчиси, хон қўшинида хизмат қилган собиқ ғулом Жавшан қалмоқ билан тил бириктириб, хон қатли учун унга 8000 танга беради. Жавшан қалмоқ хонга мухолифатда бўлган гуруҳларни ўрганиб, улар орасидан қирқ нафар чапдаст ва ўлимдан қайтмас йигитларни саралаб олиб, фитна гуруҳини шакллантиради.
1711 йилнинг баҳорида Убайдуллахон мамлакат жанубий сарҳадларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун Балхга бормоқчи бўлади. Кўпчилик хонга содиқ амирлар ва дин пешвоси ҳамда хотини Биби Пошшонинг фитна исини сезган ҳолда қилган қаршилигига қарамай, хон йўлга чиқишга буйруқ беради.
Яқин кишилар ҳамда 600 нафар махсус гвардия билан йўлга отланган хон Бухоро яқинидаги Пири Марза чорбоғига келиб тушади ва шу ерда чодирлар тикилади. Фитначилар эса хонга қилинадиган ҳужум учун қулай фурсат кунини кутишади. Ниҳоят, бир ҳафта ўтиб, хуфтон намозидан кейин қоронғу тунда Жавшан қалмоқ бошлиқ қотиллар хон ҳарамига бостириб кирадилар. Минг уруғидан бўлган Кучакбий (у самарқандлик маҳаллий уруғ сардори бўлиб, Убайдуллахоннинг Самарқандга сафари чоғида аҳоли ерини тортиб олиб қурган қўрғони буздирилган эди. Шу сабаб у хонга мухолифга айланган) хонга ташланиб танасига ханжар билан бир неча бор зарба беради. Шу тариқа, Убайдуллахон ўлдирилиб, Абулфайзхоннинг тахт томон йўли очилади.
©А.Т.Замонов.
Квазар каналига аьзо бўлиш учун ҳавола:👉https://t.me/kvazar_quasar