Бор давлатидан айрилиб қолишдан қўрққан бойнинг ичини ит тирнарди. «Мен нима қилиб қўйдим? Шунча йил йиққан-терганимдан ажраламанми энди? Бу бойликнинг ўзи шунча бўлгани йўқ. Озмунча соғлиғимни йўқотдимми? Она сутим оғзига келиб, топган давлатимни бировга қўшқўллаб топшириб қўядиган аҳмоқ йўқ!» У туну кун шу ҳақда ўйлаб, ўйига етолмасди. Уйқусини йўқотган давлатманд, ахийри, бир қарорга келди. У ўз қўллари билан биродарини нариги дунёга равона қилади. Бой белгиланган муддатдан бир соат аввал дўсти 15 йил ўзига маскан тутган ўша ғорга кириб келди. Атрофда китоблар қалашиб ётар, уларнинг устида эса ўзига аталган икки энлик хат бор эди ва унда шундай сўзлар битилганди:«Биламан, мени ўлдиргани келдинг. Ўлимдан қўрққаним учун эмас, балки жондан азиз биродаримни бу оғир гуноҳга ботишига йўл кўймаслик ниятида ғорни тарк этдим. Азиз дўстим, сенга айтар гапим шуки, ҳаёт мазмунини фақат бойлик орттириш, деб ўйласанг, янглишасан! Аллоҳ ато этган бу неъматнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, яхши ном қолдириш, китоб ўқиб, билим эгаллаш, меҳр-оқибатни улашишга сарфлаш керак экан. Шундагина чин бой-бадавлат, бахтли-тахтли одам бўларкансан. Ўзи тўймаганнинг сарқити ҳаром! Топган давлатинг ўзингга буюрсин! 15 йил бардошимни синадим. Ўқиб, изланиб, шуни англадимки, ҳаёт ҳақидаги тушунчам жўн экан, лекин, энг асосийси, мен узлатда унинг моҳиятини англаб етдим. Шундай экан, ҳаётим энди бошланди ва бошим осмонда!»