Яқинда бир муслима психолог саҳифасига дуч келиб қолдим. Аввалдан айтай, психолог ўзбек ҳам, ўзбекистонлик ҳам эмас.
Гапларидан диний илми ҳам ёмон эмаслиги билиниб турибди. Қизиқиб, у ҳақда бироз маълумот қидириб кўрдим: диндор оила фарзанди экан. Отаси масжид имоми, онаси мадраса мударрисаси бўлган бу қиз 21 ёшигача араб тили ва дин йўналишида таълим олган экан. 21 ёшдан кейин эса психологияга қизиқа бошлабди. Ўн йилдан зиёд муддатдан буён шу йўналишда фаолият юритибди.
Унинг гапларида ҳам бошқа баъзи психологларники каби тинглаганингизда энса қотадиган жойлари бор. Аммо баъзи гаплари одамни жуда ўйлантириб қўяркан.
Подкаст ва интервьюларининг бир нечтасини кўриб чиқдим. Шулардан бирида айтишича, ўзи қаттиққўл диндор оилада вояга етгани сабаб, мусулмонлар орасида зинокорлар жуда кам деб ҳисобларкан. Аммо психологлик фаолиятини бошлаганидан сўнг, бу каби ҳолатлар жуда кўп эканига гувоҳ бўлибди.
Айтишича, кўплаб муслима аёллар ҳар бир муаммо ва ноқулайликка ечим қидирмоқда. Улар ўқияпти, изланяпти ва ўсяпти. Мусулмон эркаклар эса, ибодатимни қиляпман, рўзғорни қўлдан келганча уддалаяпман — бўлди, деган позицияда қотиб қолибди.
Бу ҳолатнинг оқибати ҳақидаги гаплар эса жуда ачинарли. Эмишки, аёллар ўсиб, эркаклар ўз устида ишламай қўйгани учун, муслималар мусулмон эркаклар орасидан ўзига муносиб умр йўлдош топа олмаяпти экан.
Шу туфайли улар ғайридинлар орасидан потенциал жуфтини қидира бошлабди. Суҳбатдоши эса унинг гапларини маъқуллаб, баъзи аёллар айрим давраларда рўмолсиз кўриниш бераётгани, рўмолингни ечдингми, деган саволга эса, йўқ, мен шунчаки, даврага мослаб кийиндим, деб жавоб бераётгани, эртасига бошқа даврага яна ўранган ҳолда бораётганини айтяпти.
Жудаям қизиқ ва, айни пайтда, баҳсли масалалар. Психолог нафақат Ўрта Осиё, МДҲ давлатлари, балки ғарб муслималарига ҳам консультациялар ўтишини ва бу каби ҳолат ҳар ердаги мусулмонлар учун ёт эмаслигини айтиши икки ҳисса ҳайратланарли туюлди (бир нечта подкастлардан олинган хулосалар).
Шу жойда аввалроқ, аёл ҳеч қачон ўзини уддаламасин, деб ёзган постим бир жойда улашилгани ва ўша ерда кўпчилик томонидан, аёл ўқиса нима қилибди, ишласа-чи, пул топишининг нимаси ёмон, қабилидаги изоҳларга кўзим тушганини эсладим.
Аввало, илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага фарз. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Юқоридаги эслаганим постдаги ёзганларим ният ҳақида эди. Фақатгина ният. У ерда ўқиш, ишлаш, ўсишга қаршилик йўқ эди асло.
Аммо муслима аёлнинг "ривожланиши" уни динидан узоқлаштираётган экан, бундай "ривож" ҳақида яхшироқ ўйлаб кўриш керак. Бу биринчи масала.
Муслима аёллар ўз диндошлари орасида турмуш қуриш учун муносиб номзод топишга қийналаётган экан, бу ҳақда ҳам алоҳида бош қотириш шарт демак.
Бу каби ҳолатга таниш қизлар мисолида ўзим ҳам бир неча бор гувоҳ бўлдим. Уларни сўраб келган совчилар ва учрашувга чиққан йигитларнинг ҳатти-ҳаракати ва гаплари одамни лол қилади. Шунинг учун бу ерда ҳам жиддий бош қотиришга арзийдиган жиҳатлар жуда кўп, деб хисоблайман. Бу — иккинчи масала.
Айбни феминистлар, психологлар, гендерчиларга юклаймизу, аммо ўзимиз динимиз кўрсатмаларига қай даражада амал қилаётганимиз ҳақида бош қотирмаймиз.
Хусусан оилавий масалаларда ўзимизнинг ҳақларимизни аълога ўзлаштиряпмизу, йўлдошимиз олдидаги мажбуриятларни унутдик. Бу гаплар аёлларга ҳам, эркакларга ҳам тааллуқли.
Тўғри, аёллар адашяпти, аёллар алданяпти, аёллар айнияпти, деган гаплар уйдирма эмас. Афсуски, бу бор гап.
Аммо жамият миқёсида аёлларнинг зиммасидаги юкламалар жуда кўпайиб кетган. Жуда. Бир томонда асоси йўқ чекловлар, иккинчи томонда нозик елкалардаги оғир-оғир юклар аёлнинг силласини қуритиб, шарт ҳаммасидан кечишга ундаётгандир?
Буни аввало тан олиш, кейин ечимларини топишга уринмасак, кейин кеч бўлади. Эҳтимол, кечикиб бўлгандирмиз ҳам...
✍️ Gavhar Nasrulloh
👉 @gavhar_nasrulloh 👈