ХОТИРА
Мени ҳозир қизиқтиради
Нада совуқ...
Нада ёмғир...
Йўл...
Сочларимни тўзғитиб ташлаб, сўнг ичида изғийди шамол.
Шаҳар -- ҳатто соябонга хам пули етмай кетаётган, ҳўл,
Одам каби кўриниб кетар...
Кўзларимга келади малол...
Дарахтларнинг тинкаси қуруқ. Ҳўл ва ҳолсиз чирпирайди барг,
Зиналарнинг қаватларига бошин уриб увлайди шамол.
Кўп қаватли бинодан ўзин отаётган одамдай карахт --
Томчи ўзин ташлаб юборар...оёғимдан қочади мадор.
Уйга кетгим келяпти, дейди -- ичимдаги ожиза бир онг,
Ҳаа, қўйсангчи! Сени шахардан бошқа киминг ёки ниманг бор?
Шу шахарга қўл силкиб бирор ердан қўним топганмидинг ё..?
Қўй. Йиғлама. Иссиқ ёшингдан ана бошлаб юборяпти қор.
Шом қўйилиб келяпти қара, уйга кириш вақтидир балки,
Бошин пана қилган ҳуув одам, бошпанасиз бекатларга боқ.
Ўзгаряпти йўл чироқларнинг қизил, сариқ ва яшил ранги
Юр. Автолар қичқириғисиз тезроқ ўтиб қолган яхшироқ.
Ҳотирининг аччиқлигидан фарқи йўқдай --ёмғир, захарнинг...
(Раҳми келди бизга шекилли) Авто келиб тўхтайди.
--Такси?
Уст боши ҳўл қиздай нозанин, елкалари титроқ шахарнинг
Тегиб кетар шахсиятига -- ёмғирларинг хашаки рақси...
Мен жимгина кетаман, ортдан -- сўз деёлмай мужмаяр олам,
Айни дамда ҳавасим келар шу қадар хам манов ҳолимга.
Манзилидан адашган каби аҳйон-аҳйон кўринар одам,
Бунча ҳайрон қарайди мен ва очилмаган соябонимга?
Юрагимнинг оғирлигидан қадамларим оғринар ўксиб,
Мана калит. Сенинг ўрнингга қучоқ очар худди шу хона.
Худди шундай йиғлаган осмон, худди шундай йиғлаган кўксим,
Худди шундай шалоббо қабринг кўз олдимдан кетмаган, она.
Дурдона Бобомуродова
@Durdona_Bobomurodova