Саждада оёқларнинг ердан узилиши
❗️САВОЛ: Саждада оёқлар кўтарилиб, ердан узилиши билан намоз бузилади дейишади. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Намоз бузиладими?
✉️ ЖАВОБ:
Саждада икки оёқ бармоқларини ерга теккизиб туришни кўпчилик ҳанафий уламоларимиз вожиб амал дейдилар.
Уламоларимиздан Имом Қудурий ва Имом Фахриддин Қозихон “Саждада оёқларни ерга қўйиш фарз амал саналади. Агар сажда асносида ҳар икки оёқ ердан узилса намоз бузилади”, – дейишган. Мўътабар фатво китобларимиздан яна бири “Фатавои ҳиндийя”да ҳам ушбу маъно қуйидагича таъкидланган:
وَلَوْ سَجَدَ وَلَمْ يَضَعْ قَدَمَيْهِ عَلَى الْأَرْضِ لَا يَجُوزُ وَلَوْ وَضَعَ إحْدَاهُمَا جَازَ مَعَ الْكَرَاهَةِ إنْ كَانَ بِغَيْرِ عُذْرٍ
яъни: “Намозхон сажда қилсаю, оёқларини ерга қўймаса, жоиз бўлмайди. Агар сабабсиз икки оёғидан (бирини кўтариб) бирини қўйса, макруҳлик билан намози дуруст бўлади” (“Фатавои ҳиндийя” китоби). 📔
«Агар сажданинг бошидан охиригача иккала оёқ ердан кўтарилиб турса, сажда дуруст бўлмайди. Сажда дуруст бўлмагач, намоз ҳам дуруст бўлмайди. Агар оз вақт оёқларни ердан кўтариб, сўнг қўйиб олса ёки бир оёқни кўтарса ва иккинчи оёқ ерда турса, бу кўринишда намоз дуруст бўлади. Албатта бундай қилиш макруҳдир».
(«Баҳрур-роиқ» 1-ж, 336-бет) 📔
@byAbulfaqiyh_hanafiy