ДЎЗАХДАН ҚУТҚАРАДИГАН ВА ЖАННАТГА КИРИТАДИГАН АМАЛЛАР
#ибодат
❓322-CАВОЛ: Бир биродаримнинг юраги хаста. Уни гуноҳлари жуда кўп. У қандай амаллар қилса Аллоҳ уни гуноҳларини кечиради, дўзахга тушмайди, жаннатга киради? Шу ҳақида ёзилган китоблар ёки уламоларнинг аудио дарслари борми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Киши ҳаётлик вақтидаёқ ўзининг гуноҳкорлигини англаб етиши ва охиратдаги ҳолатини ўйлаши катта бахт. Чунки, қанча инсонлар "беш кунлик дунёда ўйнаб қол", — деган нотўғри тушунчада гуноҳ маъсиятлар билан вафот этаётгани изоҳ талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шундай экан ўзлигини англаган банда динимизда ҳаром қилинган амаллардан бутунлай тийилиши ва буюрилган амалларни эса имкон қадар бажариб бориши зарур. Жумладан, беш вақт намозни вақтида адо қилиш, Рамазон рўзасини тутиш, ҳалол касб қилиш, яқинлари ва омма мусулмонларга имкон қадар яхшилик қилиш, доимо Аллоҳ таолони зикри билан юриш ва ҳоказо динимизда тарғиб қилинган амалларни бажаради.
Қисқа қилиб айтганда Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш Охиратда нажот, аксинча бўлса эса ҳалокатдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا وَلَهُ عَذَابٌ مُهِينٌ
Яъни: “
Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоатсизлик қилса ва ҳудудларидан тажовуз қилса, уни дўзахга абадий (қолиши учун) киритур ва унинг учун хор қилувчи азоб (бордир)” (Ниса сураси 13-14 оятлар).
Айниқса, беш вақт намозни вақтида адо қилиш муҳим, зеро, қиёматда биринчи сўраладиган амал намоздир. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
عن أبي قتادة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: افْتَرَضْتُ عَلَى أُمَّتِكَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ وَعَهِدْتُ عِنْدِي عَهْدًا أَنَّهُ مَنْ حَافَظَ عَلَيْهِنَّ لِوَقْتِهِنَّ أَدْخَلْتُهُ الْجَنَّةَ ، وَمَنْ لَمْ يُحَافِظْ عَلَيْهِنَّ فَلَا عَهْدَ لَهُ عِنْدِي"
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ азза ва жалла: “Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди”, - деб айтдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Банда намозни вақтида ўқиса, охиратда ютуққа эришади, дўзахдан халос бўлиб, жаннатга киради. Агар намозни ўз вақтида адо этмаган бўлса, муваффақият-сизликка учрайди, надомат чекади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ فَإِنْ صَلُحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ..." (رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالدَّارِمِيُّ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
“Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. ...”, деганларини эшитганман” (Имом Доримий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Чин ихлос билан намозни адо этсангиз саволингиздаги барча истакларингиз амалга ошади, иншааллоҳ.
Китоб дўконларини айлансангиз инсонни нажотга етакловчи китоблар ва аудио дарсликлар ҳам бугунги кунда етарли. Китоб ва диск сотиб олаётганда унинг расмий рухсат билан чиққанига ва муаллифига диққат қилинг. Илм-маърифати билан танилган, халқ эътироф этган олимларнинг китобларини олиб ўқинг. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
@diniysavollarСавол йўллаш
🌐
http://fatvo.uz📲
@SavollarMuslimUzBot ▫️ Каналга уланиш